Линклар

Крейг Мюррей юртига қайтиб кетди. Нима сабабдан?


Шайбон Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси Крейг Мюррей икки ойлик танаффусдан сўнг яқинда Тошкентга қайтиб келган эди. Хабарларга қараганда, у орадан атиги икки кун ўтгач - 19 ноябрь куни махсус чақиртирилган самолётда яна юртига қайтиб кетган.

Элчихона матбуот хизмати котиби Леонид Кудрявцев К.Мюррейнинг Тошкентни тарк этгани ҳақидаги хабарни тасдиқлади. Унинг айтишича, 17 ноябрь куни тунда элчи Тошкентдаги халқаро клиникага ётқизилган. Чоршанба куни эрта тонгда эса махсус чақиртирилган самолётда Лондонга жўнаб кетган.

Элчихона ходими К.Мюррейга қандай ташхис қўйилганини билмаслигини маълум қилди.

Маълумки, сўнгги вақтларда К.Мюррей шахси атрофида гап-сўзлар кўпайганди. Айрим манбаларга кўра, у Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари бузилаётгани ҳақида ўз фикрларини очиқ баён этгандан сўнг расмий Тошкент элчининг мамлакатдаги фаолияти масаласини қайта кўриб чиқишни сўраб Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлигига мурожаат этган. Шу боис К.Мюррей икки ой давомида Лондондаги раҳбарларига ҳисобот беришга мажбур бўлган.

Аммо элчихона вакиллари бу маълумотларни инкор этганди.

17 ноябрь куни эса К.Мюррей Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси сифатидаги фаолиятини давом эттира бошлаганди.

Маҳаллий кузатувчиларнинг фикрича, элчи афтидан ўз шахси атрофидаги гап-сўзларга чек қўйиш учунгина вақтинча Ўзбекистонга қайтиб келган. Гўёки соғлиғи ёмонлашгани туфайли Лондонга қайтгани кейинчалик унинг айни шу баҳона билан ишдан бўшатилишига замин яратади.

Акс ҳолда, дейди кузатувчилар, К.Мюррей Ўзбекистонга қайтгач, журналистлар билан мулоқот ўтказиб, ўз шахси атрофидаги миш-мишлар хусусида изоҳ бериши лозим эди.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Толиб Ёқубовнинг таъкидлашича, ўзаро суҳбат чоғида элчихона вакиллари унга К.Мюррейнинг даволангандан сўнг яна Тошкентга қайтишини айтган.
XS
SM
MD
LG