Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:59

Ироқда оломон икки Америка ҳарбийси жасадларини қаттиқ калтаклади.


Акрам Файзулло Ироқда икки Америка ҳарбийси отиб ўлдирилгандан кейин, оломон улар жасадларини қаттиқ калтаклади. Якшанба куни Ироқнинг Мосул шаҳрида юз берган бу ҳужум кўпларни ларзага солди. Моматалоқ бўлиб кетган икки аскар жасади араб телеканалларида намойиш қилинди.

Гувоҳларнинг айтишларича, бу икки Америка аскари ноҳарбий машинада шаҳар марказидан ўтиб кетаëтганда қуролли шахслар томонидан ўққа тутилган. Оқибатда уларнинг ҳар иккаласи ўша заҳотиëқ ўлган ва машина бориб деворга қаттиқ урилган. Шундай кейин маҳаллий одамлар аскарлар жасадларини машинадан олиб чиқиб, уларни турли нарсалар билан узоқ вақт калтаклашган. Икки аскарнинг қурол ва бошқа нарсалари талон-тарож қилинган.

Айтилишича, орадан бир соат ўтгандан кейин Американинг бошқа ҳарбийлари воқеа юз берган жойга етиб боришган. Одатда, Ироқдаги Америка ҳарбийлари бир жойдан бошқасига колоннада боришади. Аммо Мосулда ўлдирилган икки Америка аскарининг нима сабабдан якка шаҳарга чиққани аниқ эмас.

Ироқдаги Америка генерали Марк Киммит якшанба куни Мосулда икки аскар ўлдириб кетилганини тасдиқлади, аммо бу ҳужум ҳақида тўлиқроқ маълумот беришдан бош тортди:

“Биз ўз сиëсатимизга кўра, аскарларга етган жароҳат ҳақида атрофлича маълумот бермаймиз ва матбуот воситаларига ҳам шундай қилишни тавсия этамиз”, - деди Ироқдаги Америка генерали.

Ироқнинг Мосул шаҳрида асосан курд ва араблар истиқомат қилади. Саддам Ҳусайнни ҳокимиятдан четлаштириш мақсадида олиб борилган урушнинг дастлабки ойларида бу шаҳар америкалик ҳарбийлар учун нисбатан хавфсиз минтақа эди. Аммо сўнги пайтларда бу ерда ҳам Америка ҳарбийлари, шунингдек улар томонидан тайинланган маҳаллий полициячиларга қарши тез-тез ҳужумлар уюштирилмоқда.

Жорий ой Мосулда иккита вертолëт уриб туширилгани оқибатида 17 Америка ҳарбийси ҳалок бўлган эди. Ўтган шанба куни ҳам шаҳар кўчаларининг бирида мина портлагани оқибатида икки полициячи нобуд бўлди. Ироқ полиция ходими Нажим Абдулла ҳозирда полиция кийимида юриш осон эмаслигини айтади:

“Хавфсизлик таъминланмаганидан қўрқаяпман. Мен исталган пайтда ракета ҳужуми ëки портлаш қурбони бўлишим мумкин. Иш жойимда ўзимни хавфсиз ҳис қилмайман”, - дейди ироқлик полициячи.

Шунга қарамай, Ироқдаги Америка расмийлари мамлакатда хавфсизлик билан боғлиқ вазият секин-аста яхшиланаëтгани, аҳоли турмуш шароитида ижобий ўзгаришлар бўлаëтганини қайд этмоқдалар. Америка расмийларига кўра, Ироқда ҳаëтни қайта нормаллаштириш кўп жиҳатдан маҳаллий аҳолининг ўзига боғлиқ. Уларнинг айтишларича, ироқликлар ҳужум қилаëтган шахсларни қўлга туширишда мамлакатдаги коалиция кучлари билан кўпроқ ҳамкорлик қилишлари лозим.

Аксарият ироқликлар Саддам Ҳусайн ҳокимиятдан четлаштирилганидан хурсанд бўлсалар-да, бугунги ҳаëтлари собиқ режим давридагидан ҳам баттарлашганидан шикоят қилишмоқда.

Кузатувчиларга кўра, Ироқ уруши тамом бўлганига саккиз ой ўтганига қарамай, мамлакат аҳолисининг катта бир қисмига коммунал хизмат кўрсатилмаяпти. Ҳатто, пойтахт Бағдодда ҳам телефон хизмати қайта тиклангани йўқ. Ироқда ишсизлик ҳам жиддий муаммо бўлиб қолмоқда. Кузатувчилар фикрича, бу каби омиллар Мосулда икки Америка аскари жасадини моматалоқ қилган оддий ироқликларнинг сабр косаси тўлиб-тошганидан бир белги бўлиши мумкин.
XS
SM
MD
LG