Линклар

Ошқозон ва ичакларга нима бўлди?

  • Садриддин Ашур

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ошқозон-ичак касалликлари билан оғриганлар сони ортиб бораётганини расмий маълумотлар ҳам тасдиқлайди.

Академик Воҳидов номидаги жарроҳлик илмий маркази шифокори, доцент Ҳикмат Эгамбердиевнинг айтишича, бугунги кунда мамлакатда бундай касалликлар кўлами жуда кенг. Ошқозон-ичак касалликларига қизилўнгач, ошқозон, ичакларда ўсмалар, яралар пайдо бўлиши, яллиғланиши, дезинтерия, салмонеллоз кабилар киради.

Шифокор бундай касалликлар кўпайиб бораётганига сабаб бўлган бир неча омилларни санаб ўтди. Унинг таъкидлашича, ошқозон-ичак касалликлари келиб чиқишининг биринчи сабаби истеъмол сув сифатининг ниҳоятда пастлигидир. Иккинчи омил эса экологик вазиятнинг оғирлигига бориб тақалади.

Кузатувчиларнинг фикрича, Тошкент шаҳри аҳолиси истеъмол қиладиган сув халқаро меъёрлар бўйича ичишга яроқсиздир. Қишлоқ ҳудудлари тўғрисида эса гапирмаса ҳам бўлади. Чунки уларнинг асосий қисми ариқ ва зовур сувларини истеъмол қилади.

Ҳ.Эгамбердиев еяётган овқатимиз ва ичаётган сувимиз талабга жавоб бермас экан, ошқозон-ичак касалликлари кўпайиб бораверишини таъкидлади.

Жарроҳ Болтабой Ортиқовнинг эътирофича, ошқозон-ичак касалликларининг келиб чиқиши асабийлашувга ҳам боғлиқ. Сўнгги йилларда мамлакатда турмуш тарзининг оғирлашгани, оила боқиш қийинлашгани бундай касалликлар кўпайишига олиб келмоқда.

Шифокорларнинг айтишича, ошқозон-ичак касалликларининг кўп кўринишларини фақат жарроҳлик йўли билан тузатиш мумкин. Лекин Ўзбекистонда бугун ҳамманинг ҳам жарроҳликдан фойдаланишга кучи етмайди. Мисол учун, Республика кўкрак касалликлари жарроҳлиги шифохонасининг ошқозон-ичак касалликлари бўлимида жарроҳ хизматидан фойдаланиш 100 минг сўмга яқин маблағ талаб қилади.

Доцент Ҳ.Эгамбердиевнинг таъкидлашича, мамлакат иқтисодиёти ривожланса, экологик муҳит яхшиланса, энг асосийси, халқнинг турмуш тарзи юксалса, ошқозон-ичак касалликлари ўз-ўзидан камаяди.
XS
SM
MD
LG