Линклар

Яхши оила - жаннат, ёмони - дўзах


Шайбон Кузатувчиларнинг таъкидлашича, ўзбек жамиятида аёлларга нисбатан зўравонлик тобора хатарли тус олмоқда. Уларнинг фикрича, муаммонинг томир отиб боришига аёлларнинг жамиятда тутган ўрни, шунингдек, оиладаги диктатура сабаб бўлмоқда.

Аёлларнинг зўравонликка учраши кўп ҳолларда турмуш ўртоғининг инжиқликларини кўтара олмаслиги натижасида келиб чиқаётир. Мустақил тадқиқотчи Дилором Пўлатованинг айтишича, аёлнинг барча ишларни кўнгилдагидек бажара олмаслиги эрининг унга қўл кўтаришига олиб келади.

“Аёллар” нодавлат ресурс маркази мутахассиси Олмос Қодирова аёлларга қизлик пайтидаёқ турмуш ўртоғининг айтганидан чиқмаслик, зўравонликларга чидаши лозимлиги уқтирилишини таъкидлади. Унинг фикрича, шу боис зулмга учраган аёлларнинг аксарияти аламини ичига ютиб яшашга мажбур. Бунга чидамай, золим эр хонадонини тарк этган аёллар эса турли муаммолар гирдобида қолади.

О.Қодирова бундай аҳволга тушган аёллар сафи кенгайиб бораётганини, шунинг учун уларга давлат томонидан ёрдам берилиб, ҳимояланиши лозимлигини айтди.

Ҳуқуқшунос Нодира Каримованинг билдиришича, мамлакатда аёлларни ҳимоя қиладиган муассасалар мавжуд. Лекин, аввало, зулмга учраган ожиза шундай муассасага ўз вақтида мурожаат қилмоғи керак.

“Афсуски, дейди Н.Каримова, одатда аёллар юзага келган муаммони яширишга ҳаракат қилади. Нима бўлса, пешонамдан кўрдим, қабилида яшайди”.

О.Қодированинг айтишича, аёлларнинг бундай йўл тутишига сабаб шуки, агар эридан шикоят қилиб, ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат этса, унинг мазкур хонадонга қайтиш йўли бекилади.

Суҳбатдошларимиз зўравонликка учраган аёлларнинг мурожаатларини ўрганиш тартиби пухта ишлаб чиқилмаганини таъкидлади. Уларнинг айтишича, мавжуд қоидаларга кўра, оилада зулм кўрган аёл ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаат қилишдан олдин маҳалла фаоллари билан маслаҳатлашмоғи лозим. Маҳалла фаоллари, ўз навбатида, мазкур ҳолат мавжудлигини ёзма равишда тасдиқлаши керак. Маҳалла эса кўп ҳолларда муаммони ўз кучи билан, яъни яраштирув ҳайъати ёрдамида ечишга уринади.

Аммо бир марта ўз аёлига зулм қилган эр эртага ҳам шундай йўл тутиши мумкинлиги негадир эътибордан четда қолади, дейди сухбатдошларимиз. Натижада икки ўт орасида қолган аёл кўчадан паноҳ қидиради. Бу эса, О.Қодированинг айтишича, бир қанча янги муаммоларни келтириб чиқаради. Яъни аёл мардикор бозорга чиқишга, айрим ҳолларда фоҳишалик билан шуғулланишга мажбур бўлади.

Кузатувчиларнинг фикрича, муаммо ўта долзарб бўлгани боис ҳукумат зудлик билан унинг олдини олиш чораларини кўрмоғи лозим. Дастлабки қадам сифатида оилада зулм кўрган аёлнинг ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаат қилиши борасидаги мавжуд қоида ўзгартирилмоғи зарур, дейди улар.
XS
SM
MD
LG