Линклар

Ҳоким йўлни ёпиб қўйди


Турсун Бек Хабарларга қараганда, Сирдарё вилояти ҳокимининг қарори билан 20 ноябрдан бошлаб Тошкент-Термиз автомагистралининг Оқ олтин ва Мирзаобод туманидан ўтувчи қисми ёпиб қўйилган. Энди ҳайдовчилар ва йўловчилар Янгиер- Ховос-Даштобод йўли орқали манзилига етиб олмоқда.

“Озодлик” мухбири йўлнинг ёпилиш сабабларини ўрганиш мақсадида Сирдарё вилояти йўл-патруль хизматига мурожаат қилди. Ушбу хизмат ходимларидан бирининг айтишича, йўлдаги кўприк чўкаётгани учун шундай қарорга келинган. Шунингдек, бунга Тошкент-Термиз магистралининг Қозоғистон Республикасидан ўтувчи қисми ёпилгандан сўнг мазкур йўлда автомобиль ҳалокати кўпайгани ҳам сабаб бўлган. 2002 йил декабрь ойида Қозоғистон йўли ёпилгандан буён замон талабларига жавоб бермайдиган Сирдарё вилояти йўлларида 3 та йирик ҳалокат рўй берган эди.

Йўлнинг кутилмаганда ёпилиши йўловчи ва ҳайдовчиларда норозилик уйғотди.

Сурхондарёлик ҳайдовчининг айтишича, бундай қарор қабул қилинишидан олдин аҳоли оммавий ахборот воситалари орқали хабардор этилиши, йўлда огоҳлантирувчи белгилар қўйилиши керак эди. Бундай қилинмагани сабабли мен ҳозир қайтиб Янгиердан юрсам, қўшимча 70 километр йўл босишимга тўғри келади, дейди у.

Хабарларга қараганда, давлат рақамида Сирдарё вилояти белгиси бўлмаган автомобиллар ҳам бу йўлдан ўтказилмаётган экан.

Сирдарё вилояти автомобиль йўллари бошқармаси бош муҳандисининг таъкидлашича, қиш мавсуми бошлангани муносабати билан йўл ҳодисалари кўпайиши эҳтимолининг ўсишини ҳисобга олиб ҳоким шундай қарор қабул қилган.
XS
SM
MD
LG