Линклар

logo-print

Ўзбекистон “Интернет душманлари” сафида

  • Барно Анвар

“Чегарасиз репортёрлар” ташкилоти яқинда эълон қилган ҳисоботда таъкидланишича, ҳозир дунёнинг 45 мамлакатида фуқароларнинг Интернетдан фойдаланиш имкониятлари чеклаб қўйилган. “Интернет душманлари” деган ном олган давлатлар сафида Ўзбекистон ҳам бор.

Ҳисоботда айтилишича, айрим мамлакатларда аҳоли фикрини нотўғри тушунча, ғоя ва фикрлардан ҳимоялаш, миллий хавфсизликни таъминлаш каби баҳоналар билан Интернетдан фойдаланишда турли тўсиқлар яратилмоқда. Интернетдаги маълумотларни назоратга олиш сиёсатини амалга ошираётган 45 давлатдан 20 тасини “Интернет душманлари” деб аташ мумкин, дейилади ҳисоботда. “Интернет душманлари” номини олган мамлакатлар сирасига Эрон, Хитой, Беларус, Судан, Шимолий Корея, Озарбайжон кабилар билан бир қаторда Марказий Осиёнинг беш давлати, жумладан, Ўзбекистон ҳам киритилган.

“Чегарасиз репортерлар” ташкилотининг хулосасига кўра, беркитилаётган материаллар, асосан, мамлакатларда амалда бўлган ҳукумат сиёсати хусусидаги танқидий нуқтаи назарлар ифодаланган маълумотлардан иборат.

Эътироф этиш керак, Ўзбекистон ҳукумати сиёсатига танқидий баҳо берилган материалларни беркитиш ҳоллари айни пайтда ҳам давом этмоқда. Кузатувчиларнинг таъкидлашича, бундай тақиқлар кўпроқ Марказий Осиё давлатлари ҳаётига оид ахборот ва эркин таҳлил ёритиладиган сайтларга, жумладан, “Центразия”га нисбатан қўлланилмоқда.

“Сўз эркинлиги” ташкилоти ходимаси Инера Сафаргалиеванинг айтишича, Ўзбекистонда Интернет эркин фикр майдонига айланиб бораётган эди. Шунинг учун ҳукумат Почта ва ахборотлаштириш агентлигининг хавфсизлик хизмати тизими орқали сайтларни беркитмоқда. Бу борада Ўзбекистон Марказий Осиёда биринчи ўринда туради, дейди И.Сафаргалиева.

Ўзбекистон почта ва ахборотлаштириш агентлиги ходимининг таъкидлашича, сайтлар ёки айрим материалларни ёпиш кўпроқ миллий хавфсизликни таъминлаш мақсадида ахборотларни назорат қилувчи махсус органлар томонидан амалга оширилади. У бу иш агентлик орқали бажарилмаслигини маълум қилди.

Шунингдек, Ўзбекистондаги провайдерлар ҳам сайтлар ёпилиши ўзларига боғлиқ эмаслигини билдирди. “ЎзПАК” провайдери вакилининг айтишича, сайт ёки материалларни беркитиш масаласи ҳукумат ва Президент даражасида ҳал этилади ҳамда бу иш бевосита миллий хавфсизлик хизмати томонидан бажарилади.

Таъкидлаш жоиз, Интернетдаги материалларнинг ёпилиши ҳолати шу вақтга қадар расмий доиралар томонидан изоҳлангани йўқ.
XS
SM
MD
LG