Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:41

Ўзбекистон экспорти 4,5 миллиард долларга етиши мумкин


Ориф Ҳошимов Европа тикланиш ва тараққиёт банки Ўзбекистон иқтисодиётига оид бир қанча таҳлилий материаллар эълон қилди. Уларда айтилишича, 2003 йилнинг биринчи ярмида мамлакат экспорти ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 25 фоиз кўпайган.

Банк экспертларининг эътироф этишича, экспорт ҳажмининг ўсиши иккинчи ярим йилликда янада юқори суръатларда давом этади. Тахминларга қараганда, жорий йилда Ўзбекистон экспорти ҳажми 4,5 миллиард долларни ташкил этиши мумкин.

Экспертлар бу ўсиш жаҳон бозорида Ўзбекистоннинг хомашё товарлари баҳоси ортганига боғлиқлигини айтмоқда. Масалан, пахта толаси ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 45 фоиз, олтин баҳоси эса 35 фоиз қимматлашган.

Шунингдек, жорий йилда Ҳиндистонга самолёт сотилгани ва Россияга газ етказиб бериш тиклангани ҳам экспорт кўрсаткичига сезиларли таъсир этган.

ЕТТБ иқтисодчилари Ўзбекистон жаҳон бозорида юзага келган ўта қулай конъюктурадан фойдаланиб қолиши лозимлигини таъкидламоқда. Тахминларга кўра, бу қулай вазият икки йил давомида сақланиб қолади. Уларнинг айтишича, худди шундай вазият 1996 йилда ҳам вужудга келган эди. Ўшанда ҳукумат иқтисодиётни эркинлаштириш борасидаги ислоҳотларни пайсалга солиб, қулай имкониятни бой берганди. Бу эса бугун ўз оқибатларини намоён этмоқда, дейилади таҳлилий материалларда.

Маҳаллий иқтисодчилар ҳам Ўзбекистондаги иқтисодий аҳвол 12 йилдан буён жаҳон бозорида баҳоси барқарор бўлмаган хомашёга боғлиқ бўлиб қолаётганини таъкидлайди.

Жаҳон бозоридаги қулай конъюктурадан мамлакат иқтисодиётини соғломлаштиришда фойдаланиш учун қандай чоралар кўриш мумкин?
Ўзбекистон иқтисодий тадқиқотлар маркази бош мувофиқлаштирувчиси Нишонбой Сирожиддиновнинг айтишича, хомашёдан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга ўтиш Ўзбекистон иқтисодиётининг барқарорлашувида муҳим омил бўлади.

ЕТТБ экспертларининг таъкидлашича, ҳукуматнинг қўшни давлатлардан импорт қилинаётган кийим-кечак ва озиқ-овқат маҳсулотларига нисбатан қўллаётган протекционистик сиёсати ҳаддан ташқари бирёқламадир. Шунингдек, бу сиёсат истеъмолчиларни сифатсиз маҳсулотлардан ҳимоялаш мақсадида юритилаётганини овоза қилиш ҳам қуруқ сафсатадан бошқа нарса эмас.

“Ҳукуматнинг эътирофича, дейилади таҳлилий материалларда, қарийб 1,5 йилдан буён юритилаётган бундай сиёсат маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг қаддини тиклаши ва ички бозорни маҳаллий маҳсулотлар билан тўлдиришга қаратилган. Лекин амалда жиддий ўзгаришлар сезилмаяпти ва сезилиши даргумон. Чунки хорижий рақобатчилардан ҳимоя қилинаётган маҳаллий корхоналар ҳали ҳам давлат назоратида”.

Н.Сирожиддиновнинг айтишича, ишлаб чиқаришни сунъий равишда қўллаб-қувватлаш орқали иқтисодиётни риқожлантиришга уриниш, жаҳон тажрибасининг кўрсатишича, камдан-кам ҳолларда ижобий самара беради. Шу боис, энг яхши йўл экспорт ва импортни бир хилда ривожлантириб боришдир. Импортга қанча тўсиқ қўйилса, контрабанда шунча кўпаяди, дейди Н.Сирожиддинов.

Маҳаллий иқтисодчиларнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда протекционизм сиёсати ички бозор ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳимоялашга эмас, балки халқаро молиявий институтларнинг тазйиқидан қутилиш мақсадида сўм конвертациясини таъминлашга қаратилгандек таассурот уйғотмоқда.
XS
SM
MD
LG