Линклар

logo-print

“Freedom house” вакиллари зўравонликка учради

  • Садриддин Ашур

“Freedom house” ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси Наманган вилоятининг Поп туманида ташкилот вакилларига нисбатан 21 ноябрь куни уюштирилган тазйиқ юзасидан мамлакат ҳукуматига норозилик билдирди.

Хабарларга қараганда, 21 ноябрь куни “Freedom house” вакиллари Наманганда маҳаллий инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари учун машғулот ўтказишга кетаётганда уларнинг машинаси Поп тумани ҳудудида тўхтатилган. Ҳокимият вакиллари ва уларни қўллаб-қувватлаган бир гуруҳ фуқаролар ташкилот ходимларига пўписа қилган. Маҳаллий ширкат раиси томонидан тўплаган 80 нафар фуқаро “Freedom house” вакиллари йўлини тўсган ва уларни ҳақоратлаб, жисмоний жазолаш билан қўрқитган.

“Freedom house” тарқатган баёнотда бу ишларнинг бошида Поп тумани ҳокими Рустам Исматуллаев тургани айтилади.

Маълумотларга кўра, бўлиб ўтган воқеадан бир кун олдин маҳаллий ҳокимият вакиллари машғулот ўтказишга рухсат берилмаслиги ҳақида огоҳлантирган. Улар бу тақиқни инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг рухсат этилмаган намойишларда қатнашаётгани билан изоҳлаган.

“Freedom house” ташкилоти бу ҳолатни маҳаллий ҳокимликлар ва ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари фаолиятига бевосита тўсқинлик қилиш, деб баҳоламоқда.

“Freedom house”нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси менежери Эл Пауелски хонимнинг таъкидлашича, бўлиб ўтган воқеа ташкилот ходимларига нисбатан уюштирилган биринчи зўравонлик акциясидир. Эл Пауелски бундан қаттиқ ташвишда экани ва Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига мазкур ҳолат юзасидан норозилик изҳор этганини билдирди.

“Ўзбекистон ҳукумати маҳаллий ҳокимликлардан “Freedom house” вакиллари ва маҳаллий инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига пўписаларни зудлик билан тўхтатишни талаб қилиши лозим. Бўлиб ўтган воқеа мамлакатда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият нақадар оғирлигидан дарак беради», деди ташкилот ижрочи директори Женифер Уиндзор хоним.
XS
SM
MD
LG