Линклар

Масжидлар кучли назоратда


Тўлқин Хабарларга қараганда, рамазон ойининг сўнгги жумаси арафасида Марғилон шаҳридаги уйларнинг бирида Қадр кечасида Қуръон тиловатига тўпланган 18 нафар муслима ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан ҳибсга олинган. Шунингдек, 21 ноябрда шаҳар жомеъ масжиди олдида намойиш ўтказган бир гуруҳ муслима ҳам қамоққа олинган.

21 ноябрь куни Тошкентдаги масжидлар олдида жума намози пайтида муслима аёллар намойиш уюштиради, деган хабар тарқалган эди. Аммо “Озодлик” мухбири пойтахтдаги “Кўкча”, “Хасти имом” ва “Камолон” масжидлари олдида бундай ҳолга дуч келмади. Шунга қарамай, мухбир ушбу масжидлар ички ишлар ва миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан қаттиқ назорат қилинаётганига гувоҳ бўлди. Масжидларнинг ҳар бири олдида ҳуқуқ-тартибот органларининг автобуслари турар эди.

“Озодлик”нинг Намангандаги мухбири маълумотларига қараганда, сўнгги икки кун давомида Фарғона вилоятидаги Марғилон шаҳрида шунга ўхшаш воқеалар содир бўлган.

Хабарларга кўра, Марғилоннинг Шаумян кўчасида Ойпошша исмли аёлнинг хонадонида 18 нафар рўзадор муслима рамазон ойининг 27-куни тунда ибодатга тўпланган. Шу вақтда шаҳар ички ишлар бўлимининг бир гуруҳ ходимлари хонадонга бостириб кириб, аёлларни бўлимга олиб кетган. Хонадон эса тинтув қилинган. Ички ишлар ходимларининг айтишича, тинтув чоғида бу уйдан “Ҳизб-ут таҳрир” диний оқимига тегишли китоблар топилган.

21 ноябрь куни ҳам Марғилондаги жомеъ масжиди олдида 20 га яқин муслима аёл намойиш ўтказди.

Ушбу воқеага гувоҳ бўлган Аҳмаджон Мадумаровнинг таъкидлашича, аёллар ўз яқинларининг исломга даъват қилгани учун қамоққа олингани, бу ерда қийноқларга дучор этилаётгани, шунингдек, юзага келган ижтимоий-маиший муаммолардан норозилик билдирган. Улар масжиддан намоз ўқиб қайтаётган кишиларни бундай ҳолатларга тоқат қилмасликка чақирган.

Муслима аёллар ўша жойнинг ўзида ҳибсга олинган.

Марғилон шаҳар ички ишлар бўлимидан олинган хабарларга қараганда, ҳибсга олинган ҳар икки гуруҳ аёллари “Ҳизб-ут таҳрир” оқимига мансуб экан.

Сўнгги маълумотларга кўра, муслималар ўз маҳаллаларига олиб келиниб, суд қилинган. Уларнинг ҳар бирига 5,5 мингдан 10 минг сўмгача жарима солингандан сўнг қўйиб юборилган.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Абдусалом Эргашевнинг айтишича, амалдаги ҳукуматни энг кўп ташвишга солаётган куч айнан мусулмонлардир. Шу боис, ҳукумат ҳар бир диний байрам арафасида уларнинг уюшишидан, бир жойга тўпланиб суҳбатлар ўтказишидан таҳликага тушади.

Айрим маълумотларга қараганда, рамазон ойининг сўнгги жумасида Ўзбекистоннинг барча масжидлари ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан қаттиқ назоратда ушлаб турилган.
XS
SM
MD
LG