Линклар

Ўзбекистон Россиядан жуда катта миқдорда қарздор


Ориф Ҳошимов Россия Федерацияси 2004 йилги федерал бюджети лойиҳасининг қарздор мамлакатларга оид қисми ошкор этилди. Маълум бўлишича, Ўзбекистоннинг Россиядан қарзи 640 миллион 800 минг долларни ташкил этар экан.

МДҲ мамлакатлари орасида Россиядан энг катта қарздор Украина бўлса, ундан кейинги ўрин Ўзбекистонга тегишли. Маълумотларда бу қарзнинг қачон вужудга келгани – совет давридами ёки мустақиллик йилларида – тўғрисида тафсилотлар келтирилмаган.

Бундай миқдордаги қарз кўпми-камми? Мутахассисларнинг фикрича, бу рақам қўшимча маълумотларсиз ҳеч нарсани англатмайди. Агар қарздор мамлакат (бу ўринда Ўзбекистон) асосий сумма ва фоизларни график бўйича тўлаб бораётган бўлса, хавотирга тушишга ўрин йўқ. Ўзбекистонда ташқи қарзларга хизмат кўрсатишда графикдан чиқиш ҳолатлари умуман бўлмаганини Президент Ислом Каримов бир неча бор такрорлаган эди. Халқаро молия институтлари ҳам Ўзбекистон билан қарзлар шартларини қайта кўриб чиқиш ёки улардан воз кечиш борасида музокаралар юритилмаганини таъкидлайди.

Иқтисод фанлари доктори Нишонбой Сирожиддиновнинг айтишича, ташқи қарзларга хизмат кўрсатишнинг ҳолати мамлакат имижини белгилайди. Хорижий кредитларга ўз вақтида хизмат кўрсатиш ҳар бир мамлакат олдида турган муҳим вазифалардан биридир. Агар мамлакат тўловни ўз вақтида амалга ошира олмаса, унга нисбатан ишонч камаяди. Натижада бу давлатга инвестиция киритиш ҳажми қисқаради.

Халқаро стандартларга кўра, мамлакат ташқи қарзи ялпи ички маҳсулотнинг 60 фоизигача бўлса ва ташқи қарзларга хизмат кўрсатиш мамлакат бюджетининг 25 фоизидан ошмаса, унга дефольт, яъни тўловга қобилиятсизлик хавф солмайди. Ўзбекистоннинг ялпи ички маҳсулоти амалдаги нархларда 10 миллиард доллар, ташқи қарзи эса тасдиқланмаган манбаларда 4,3 миллиард доллар атрофида баҳоланади. Ташқи қарзларга хизмат кўрсатишга кетадиган маблағ миқдори ҳақида расмий ва норасмий манбаларда маълумотлар йўқ.

Ўзбекистон Молия вазирлиги ходимлари ҳам бу ҳақда “Озодлик” мухбирига ҳеч қандай маълумот бермади.

Мутахассисларнинг фикрича, Ўзбекистонда ташқи қарзни тўлашда жиддий муаммолар туғилмаётган бўлса-да, ташқи савдо фаолиятини эркинлаштиришда айнан қарзнинг мавжудлиги асосий тўсиққа айланмоқда. Уларнинг айтишича, ташқи қарзга хизмат кўрсатилаётгани сўмнинг расмий курсини пасайтиришга, яъни девальвация ўтказишга йўл бермаётир.

Норасмий манбалардан олинаётган маълумотларга кўра, Ўзбекистонда жорий йилда ташқи қарзларга хизмат кўрсатиш учун охирги ва келаси беш йилликдаги энг катта маблағ сарфланади. Шунинг учун ҳукумат йил охиригача сўм курсини 980 сўмдан оширмасликка ҳаракат қилади. Келгуси йил бюджети эса сўм курси 1100 сўм даражасида бўлишини инобатга олган ҳолда тузилмоқда, дейди норасмий манбалар.
XS
SM
MD
LG