Линклар

Қийнаш навбати участка нозирига келдими...


Садридин Ашуров “Озод овоз” ташкилоти хабарига қараганда, Бухоро вилоятининг Олот туманидаги “Денов” ширкатлар уюшмасида яшовчи 20 ёшли Нодир Замонов участка нозири томонидан қийнаб ўлдирилган.

Хабарда айтилишича, ташкилотга “Денов” ширкатлар уюшмасида истиқомат қилувчи Яхшибой Замонов мурожаат қилиб, жорий йилнинг биринчи августида унинг ўғли Нодир Замонов участка нозири томонидан ўлдирилгани, лекин прокуратура уч ойдан буён бу жиноятни яширишга уринаётганини маълум қилган.

Я.Замоновнинг таъкидлашича, 1 августда участка нозири Баҳриддин Раҳмонов Нодирни савдо дўкони ойнасини синдириб, ўғирлик қилишда гумонсираган. Унинг уйига келиб, юз минг сўм берса, ўғли устидан очилган жиноят ишини ёпишини айтган. Я.Замонов бу талабни бажармагач, участка нозири Нодирни милиция таянч пунктига олиб кетган.

Хабарда айтилишича, орадан 3-4 соат ўтиб, Замоновлар оиласининг молхонасидан Нодирнинг жасади топилган.

“Ҳалигина тирик бўлган ўғлим тиззалари букилган ҳолда ўлиб ётарди. Унинг бўйнига яп-янги арқон солинган бўлиб, арқоннинг бир учи молхонанинг ёғочига осилган (боғланмаган) эди”, дейди Яхшибой Замонов.

Я.Замоновнинг таъкидлашича, унинг ўғли милиционерлар томонидан қўлланган қийноқлардан ҳалок бўлган.

“Агар ўғлим ўзини осган бўлганда арқоннинг изи юқорига, яъни қулоққа қараб кетган бўларди. Лекин из елкага қараб кетган. Уни милиция таянч пунктида арқон билан бўғиб ўлдиришган”, дейди Я.Замонов.

Жабрдийда отанинг сўзларига қараганда, Олот тумани прокуратураси ишни жиддий текширмай, марҳум ўзини ўзи осган, дея хулоса чиқарган. Марҳумнинг яқинлари бу хулосадан норози бўлиб, Бухоро вилояти прокуратурасига мурожаат қилган. Лекин улар ҳам олотлик ҳамкасблари хулосасини тасдиқлаган.

Олот тумани прокуратураси ходими Қосим Жабборовнинг айтишича, Нодир Замоновнинг қариндошлари унинг жасадини экспертиза қилгани бермаган. Жабрланувчилар яна арз қилганидан сўнг уларга жасадни эксгумация, яъни қабрдан олиб, экспертиза қилиш таклиф қилинган. Бироқ қариндошлар яна рози бўлмаган.

“Озод овоз” ташкилоти раиси Бобомурод Абдуллаевнинг билдиришича, Нодир Замонов қийноқлар натижасида вафот этгани ўз-ўзидан кўриниб турибди. Н.Замонов гўёки ўз айбига иқрор бўлиб ёзган тушунтириш хати уч хил ҳуснихатда битилган. Бундан ташқари, хатга қўйилган имзо ҳам уникига ўхшамайди. Шунингдек, йигит ўзини осган бўлганида жасад ҳам осилиб турган бўлиши керак эди.

Б.Абдуллаевнинг айтишича, агар тепадан қийноқларни тўхтатиш тўғрисида буйруқ бўлмаса, қийноқларга қарши мавжуд қонунлар амалда ишламайди ва қийноқлар давом этаверади.
XS
SM
MD
LG