Линклар

Ўзбекистонда майда ўғирлик кўпаймоқда


Тўлқин Кузатувчиларнинг таъкидлашича, сўнгги йилларда Ўзбекистонда майда ўғирлик ва фирибгарлик билан боғлиқ жиноятлар ниҳоятда кўпайган. Бунга мамлакатдаги иқтисодий аҳволнинг оғирлашгани, ишсизлик муаммоси сабаб бўлмоқда, дейди улар.

Қишлоқ ҳудудларида энг кенг тарқалган жиноятлар сирасига қорамол, парранда, маиший техника жиҳозларини ўғирлаш киради.

Сирдарё вилояти Янгиер тумани ички ишлар бўлими ходимининг айтишича, кейинги йилларда сим (мис, алюминий) ўғирлаш ҳам ниҳоятда кўпайган. Фуқаролар ток уришидан ҳам қўрқмай электр симларини ўғирлашдан тоймаётир.

Қашқадарёлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Ёдгор Турлибеков бундай жиноятларнинг кўпайиб бораётганига ишсизлик муаммосининг жуда кучайгани, турмуш кечириш оғирлашгани сабаб бўлаётганини билдирди.

Қорамолини ўғирлатган сирдаёлик фуқаролардан бирининг айтишича, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ўғрини ушлаган тақдирда ҳам уларга жазо белгилашга шошилмайди. Агар айбланувчи мўмайгина пора берса, уни қўйиб юборишади. Айрим ҳолларда эса жабрланувчига: “Ўғирлик жуда кўп. Шунинг учун бу иш билан шуғулланишга вақтимиз бўлмайди. Яхшиси ўзингиз ўғрини топиб келинг, биз жазо белгилаймиз”, қабилида жавоб берилади.

Адвокат Бахтиёр Шоҳназаровнинг маълум қилишича, содир этилган ўғирликларнинг ҳаммаси ҳам расман рўйхатга олинмайди. Ўғри топилган тақдирда у жабрланувчи билан келишиб, ишни бости-бости қилиши ҳоллари кўп учрайди.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Толиб Ёқубов жиноятчини ушлаган ҳуқуқ-тартибот ходимларининг ўзлари ушбу ишни очиш жараёнида янги жиноятлар содир этишини таъкидлади. Яъни, деди Т.Ёқубов, бу органлар ходимлари айбланувчига тазйиқ ўтказади, калтаклайди, қийнайди. Мавжуд қонунчиликка кўра, бу усулда иш олиб боришнинг ўзи жиноятдир. Аммо бу жиноятлар ҳеч қачон қайд этилмайди.

Бундай жиноят тури авторитар тузумга хосдир, деди Т.Ёқубов.
XS
SM
MD
LG