Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:52

Ўқитувчилар иш ташлади


Хабарларга қараганда, 26-27 ноябрь кунлари Самарқанд вилояти Иштихон туманидаги 2-мактабнинг 30 нафар ўқитувчиси иш ташлаган. Улар уч ойдан буён маош олмагани туфайли шундай йўл тутишга мажбур бўлган.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти Иштихон тумани бўлими раиси Норбой Холжигитовнинг таъкидлашича, ушбу мактаб ўқитувчилари август, сентябрь ва октябрь ойлари учун ҳозиргача иш ҳақи олмаган.

Маълум бўлишича, муаллимлар бу ҳақда бир неча бор туман халқ таълими бўлими ва туман ҳокимиятига шикоят қилган. Бироқ ижобий жавоб олинмаган. 26 ноябрь куни мактаб ўқитувчилари бир соатлик иш ташлаш ўтказишлари ҳақида туман ҳокимлигига маълум қилган. Н.Холжигитовнинг айтишича, маҳаллий амалдорлар уларнинг арзини тинглаш ўрнига мактабга текширувчи юборган.

27 ноябрда мактаб ўқитувчилари яна икки соатлик иш ташлаш эълон қилган. Аммо бу сафар ҳам муаммони ечиш юзасидан маҳаллий ҳокимлик ҳеч қандай муносабат билдирмаган.

Иш ташлаш ташкилий қўмитаси раҳбари Абдухолиқ Эшқувватовнинг таъкидлашича, туман халқ таълими раҳбарлари иш ташлашга йўл қўйгани учун мактаб директорини сиқувга олмоқда. Уни кетма-кет туман ҳокимлигига, халқ таълими бўлимига чақиришиб, танбеҳ беришмоқда.

А.Эшқувватовнинг айтишича, 27 ноябрь куни тушдан кейин мактаб ўқитувчиларига 700 минг сўм тарқатилган. Лекин бу 55 кишилик мактаб жамоасининг бир ойлик маоши ҳам эмас.

Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати бошлиғи Жаҳонгир Мусаевнинг таъкидлашича, мактаб ўқитувчиларига иш ҳақини вақтида тўлашни сўраб, вазир имзоси билан вилоят ҳокимликларига хат жўнатилган.

Кузатувчиларнинг эътирофича, ўқитувчиларнинг иш ҳақини ўз вақтида ололмаётгани мамлакатнинг барча вилоятларида кузатилади. Давлатнинг ғўзасини чопиб, пахтасини териб бераётган муаллимларга шундай ҳам арзимас иш ҳақининг берилмаётгани ачинарли ҳолдир, дейди улар.
XS
SM
MD
LG