Линклар

logo-print

Остонаси тилладан бўлаëтган Қозоғистон Марказий осиë учун ўрнакми?

  • Абдулла Искандар

Совет даврида иқтисодини беш йиллик режали қадамлар билан ривожлантирган Марказий Осиë республикалари мустақилликка эришганларидан кейин, қайси йўлдан бориш,қайси иқтисодий ривожланиш моделини танлаш керак?, деган савол қаршисида қолишди.

Япония модели, Хитой модели, Туркия модели. Бундан 10 йил олдин Марказий Осиë республикаларида танлов имкони бор эди. Ўзбекистон аввалига Туркия модели кейин Хитой ва Жанубий Корея модели деб турдию кейин ўзининг "ўзига ҳос, ўзига мос" ривожланиш дастурини очиқлади. Бу дастур сарлавҳасидаги "Ўзбекистон келажаги буюк давлат" деган шиор анчайин мавҳум эканлигини кузатувчилар қайд қилишди.Туркманистон "Ободончиликнинг ўн йили" деган шиорни илгари сурди. Қирғизистон ҳам 10 йилга мўлжалланган "ривожланишнинг комплекс дастурини" эълон қилди. Қозоғистон ҳукумати 2030 йилгача иқтисодий режани очиқлади. Орадан 12 йил ўтиб элак сувдан кўтарилар экан натижа турлича бўлиб чиқди.

"Марказий Осиëнинг Қозоғистон республикаси аҳолиси иқтисодий фаровонлик меваларини татий бошлади" дейдиҚозоғистон фанлар академияси қошидаги сиëсатшунослик институти дректори профессор Абдумалик Нисанбаев:

- Бизда ҳозир оллоҳга шукур иқтисодий ўсиш бошланди.Бултур, айниқса бу йил яҳши бўлди. Иқтисодда биз нафақат Марказий Осиëда балки бутун МДҲ мамлакатлари орасида анча илгарилаб кетдик. Россия ҳам биздан ортда қолди. Ҳудой кўп кўрмасин.

Абдумалик Нисанбаев бу фаровонлик изчил иқтисодий сиëсат меваси эканлигини таъкидлайди:

- Бу фаровонликка бирдан келмадик.Қийинчилик ва изланиш босқичларидан ўтиб Қозоғистоннинг 2030 йилгача фаровонлик дастурини ишлаб чиқдик.

Абдумалик Нисанбаев бу дастур бизнинг фаровон келажак борасидаги тасавурларимизни ойдинлаштирди деб гапини давом эттирди:

- Биз мустақил бўлганимиздан кейин,тўрт-тарафга олазарак бўлиб Туркия йўлидан борсакми ë Хитой йўлиданми деб турдик. Агар бу аросат узоқ давом этса иқтисод бўҳронга юз тутиши тайин эди. Тезда иқтисод йўналиши аниқлангани ютуқлар гарови бўлди.

Олмота шаҳрида ўтаëтган илмий –амалий анжуманда иқтисод йўналишини аниқлаб халқ фаровонлигини таъминлаган Қозоғистон Марказий Осиë учун ибрат бўладими деган саволнинг жавоби изланди.

Қозғистон иқтисодий келажагининг некбинлиги борасида фикр билдирган Европа Иттифоқи иқтисодий комиссияси вакили Жон Пенни:

- Қозоғистон иқтисоди жуда яҳши истиқболга эга эканлигини намойиш қилди. Ҳукумат нафақат нефт соҳасига балки кичик тадбиркорликка ҳам йўл очиб бериб мамлакатда ўрта синф шаклланишига ҳисса қўшди. Айни ҳолат, ўрта синф шаклланмаган қўшни республикалар учун яҳши ибрат бўлиши мумкин.

Аммо журналист Ержан Қорабек Қозоғистон иқтисодий модели Марказий Осиë учун ибрат бўлишига ишонмайди.

- Қозоғистон Марказий Осиë учун (улги) намуна бўла олмайди. Сабаб Қозоғистон иқтисоди коррупция, нефт ва ҳом ашë сотишга асосланган. Коррупциянинг бир куни миси чиқади, нефт нарҳи тушиб кетиши, ҳом ашë заҳиралари тугаши мумкин. Қозоғистонда демократик институтлар ва эркин матбуотнинг назорат остида эканлиги ҳам ибратга лойиқ эмас.

Қозоғистонлик журналист Ержон Қорабек фикрлари эди.

Анжуманда иштирок этаëтган мутаҳассислар Қозоғистон потенциали ҳақида гапириб, бу имконият ортиқча ишчи кучига эга бўлган ëн атрофдаги давлатлар учун айни муддао эканлигини таъкидлашди.

Озодлик микрофонига гапирган проффессор Нисанбаев "Марказий Осиë лидерлар бу имкониятдан фойдаланиш ўрнига, шаҳсиятпарастлик билан шуғулланаëтибди" дейди.

- Бу Марказий Осиë етакчиларида мен тушунишим қийин бўлган бир лидерлик талаши бор. Маданиятимиз бир,тарихимиз бир, тилимиз бир,динимиз бир нимани талашамиз.

Қозоғистон Ўзбекистон чегарасида турган милтиқли кишиларга ишора қилган Нисанбаев икки мамлакат ўртасида муносабатлар яҳшиланмаса бутун Марказий Осиëда иқтисодий ахвол ўнгланмаслигини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG