Линклар

Россияда аёлларга нисбатан зўравонлик.

  • Ҳасанжон

Вика турмушга чиққанида 22 ёшда бўлган. Эри яхши пул топгани учун у ишламай уй бекаси бўлишга қарор қилади. Кейинроқ эри уни ҳақорат қилишни бошлайди, сарфлаган ҳар бир рублини санаб, яширинча кузатадиган бўлиб қолади. Вика турмуш қурганига уч йилча бўлганида эри унга ёқадиган чиройли кўйлагини кийишини, атир-упа сепишини, дўстлари билан учрашишини таъқиқлайди. Вика ҳомиладорлик пайтида биринчи марта эридан калтак ейди. Ўшанда эридан ажралиш ҳақидаги фикр бир зум Виканинг ҳаёлидан ўтади. Аммо ишсиз, чақалоқ билан ёлғиз қолишини ўйлаб, бундай қилишдан қўрқади. Дугонаси ҳам аёллар қисмати шундайлигини, болани якка ўзи боқа олимаслигини, яхшиси чидаш кераклигини маслаҳат беради.

Бир кун эри Викани ўлдириб қўйишига оз қолганидан кейин у ажрашишга қатъий қарор қилади: “У елкамдан ушлаб, осилиб турган парда боғичини бўйнимдан ўтказиб, уни торта бошлади“, - дея, воқеани тасвирлайди Вика.

У сўзига қўшимча қилиб, кейин нима бўлганини эслай олмаслигини, айтади. Шу воқеа Виканинг эри билан ажрашишга сабаб бўлади. У дугонасининг Москва ташқарисидаги уйида бир неча ҳафта яшаганидан кейин “Зўравонликни тўхтатинг” номли бўҳрон марказидан ёрдам сўрашга журъат этади. Марказ ходимлари эса Виканинг эридан расман ажрашиши ва янги ҳаёт бошлашида ёрдам берадилар. Ҳозирда Вика хусусий мактаблардан бирида биология фанидан дарс бермоқда.

Александра Карева тилга олганимиз аёллар бўҳрон маркази юристи. Унга кўра, Вика билан юз берган каби воқеалар мамлакатда кун сайин кўпайиб бормоқда. Ўтган йил бўҳрон марказига қарийб 100 минг аёл телефон орқали мурожаат қилган.

Каревага кўра, ҳозирда россиялик аёллар ижтимоий ҳаёт қийинчиликларига дуч келиш билан бирга, уларнинг ҳуқуқлари ҳам поймол этилмоқда.

Россияда ҳуқуқлари поймол этилган жабрланувчилар иши камдан-кам ҳолларда меҳнат қонунларига мувофиқ судларда кўриб чиқилади. Номусга тегиш ишларининг кўрилиши ҳозиргача асосан маҳаллий милиция ходимлари фикрига боғлиқ. Ҳакамлар кўпинча зўравонлик юз берганини рад этадилар ва аёлларга эрлари билан келишиб яшашни маслаҳат берадилар. Русларда: ”Урибдими, демак яхши кўради”, - деган гап бор.

Карева барча муаммо учун Россиянинг эски урф-одатларини қатъий айблай олмайди. Унга кўра, россиялик аёлларнинг ижтимоий ва иқтисодий ҳимояланмаганлиги билан боғлиқ қатор омиллар бор. Шу сабабли улар чет элларда ишлаш ёки ўқишни хоҳлаб, кўпинча одам контрабандачилари тузоғига илинадилар:

“Кўпчилик Россиядаги бесаранжомлик, оғир ижтимоий-иқтисодий вазият, шунингдек, шахсий ҳаётидаги муаммолардан қочади. Чет элларга кетаётган, у ерда пул ишлаб, яхшироқ ҳаёт қуришга уринаётган аёлларниниг аксари бу ерда, Россияда эрлари ёки жазманлари, ота-оталарининг зўравонликларига учраганлар. Шунинг учун улар чет элга кетишга ўз юртидаги муаммолардан қочиш йўли сифатида қарайдилар“, - дейди Александра Карева.

У сўзига қўшимча қилиб, умуман олганда аёлларни рағбатлантириш ва уларни ҳимоялаш борасида Россия қонунчилигида кўп ишлар қилинмаганини айтади. “Баъзи ҳолларда хатто прогрессив, деб қаралган қонунларнинг ҳам олдиндан айтиб бўлмас халокатли таъсири бор”, - дейди Карева. Жиноят Кодексига яқинда киритилган ўзгартишлар Россия маҳкамаларидаги секин жараённи тезлатишни кўзда тутган. Айни пайтда, бу милиция ходимларига жабрланувчи тўғрисида “халқ судлари” деб аталмиш маҳкамалар далилларига таянишга ҳам рухсат беради.

Каревага кўра, амалда бу жабрланувчининг на прокурор ва на адвокатга эга бўлишини англатади. Эри томонидан калтакланганини исботлаши учун аёл қўшниларини йиғиб, ўз даъволарини тасдиқловчи далиллар тўплаши лозим.
XS
SM
MD
LG