Линклар

logo-print

Ҳиндистоннинг Марказий Осиё стратегияси.

  • Ҳасанжон

Энергия заҳираларига бой Марказий Осиёда ўз таъсирига эга бўлиш учун халқаро саҳнада беллашув давом этар экан, Ҳиндистон минтақа давлатлари билан алоқаларни мустаҳкамлаш йўлидаги ҳаракатини кучайтирмоқда. Ғарб кузатувчилари фикрича, Деҳли расмийлари Марказий Осиёга нафақат катта бозор ва улкан энергия заҳираси, балки Ҳиндистон хавфсизлиги учун ҳам муҳим минтақа сифатида қарайдилар. Марказий Осиёнинг Покистон ва Хитойга нисбатан муносабати сўнгги йилларда Деҳли расмийларини минтақада актив сиёсат олиб боришига ундаган.

Ҳиндистон Бош вазири Атал Бехари Важпайининг Тожикистонга, Ҳиндистон Ташқи Ишлар вазирининг Ўзбекистонга ва Мудофаа вазирининг Қирғизистон ва Қозоғистонга сафари, юқорида келтирилган фикрга мисол бўла олади. Бундан ташқари, Марказий Осиё республикалари билан иқтисодий ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани имзолаш орқали Ҳиндистон Ўзбекистоннинг Термиз ва Эроннинг Форс кўрфазидаги Чор Баҳор портини бир-бирига боғловчи транспрот йўли қурилишида қатнашишга рози бўлди. Айни пайтда, Ҳиндистон минтақа давлатлари билан маданий алоқаларни ҳам мустаҳкамламоқда.

Ҳиндистон Қозоғистон билан нефт заҳираларини қидириб топиш ҳақидаги шартномани имзолади ва қўшни давлатлар билан ҳам шу каби шартнома имзолаш йўлида музокаралар олиб бормоқда.

Халқаро терроризмга қарши кураш ва ҳарбий алоқаларни мустаҳкам-лаш доирасида Ҳиндистон Марказий Осиё давлатлари билан қўшма ишчи гуруҳи тузиш ҳақидаги келишувни имзолади. Жейнс Тадқиқотлар Марказининг разведка маълумотларига асосланиб билдиришича, Ҳиндистон Тожикистон пойтахти Душанбе яқинидаги Айни ҳаво базаси инфраструкту-расини қайта тиклашда қатнашмоқда ва у ерга ўз қўшинларини жойлаштириш ниятида.

Маълумки, Афғонистонга яқин жойлашган бу база Толибларга қарши курашган Шимол Иттифоқи қўшинларига ҳарбий техника етказиб бериш ва уларни тайёргарликдан ўтказишда муҳим рол ўйнаган.

Гарчи, Тожикистон расмийлари рад этаётган бўлсалар-да, Жейнс Тадқиқотлар марказининг ишончли манбаларга асосланиб билдиришича, ҳозирда Ҳиндистон Айний ҳарбий базасини замонавийлаштириш ишларини кенгайтирмоқда ва келажакда у ерга ўз ҳарбий самолётларини жойлаштириши эҳтимолдан ҳоли эмас.

Ўзбекистонлик мустақил сиёсатшунос Малик Абдураззоқов биз билан суҳбатда Ҳиндистоннинг Марказий Осиёдаги фаоллигини Ҳиндистон ҳукумати миллатчилар қўлига ўтгани билан изоҳлайди.

Вашингтонда жойлашган Стратегик тадқиқотлар марказининг Ислом динини ўрганиш бўлими директори, Марказий Осиё давлатлари бўйича мутахассис доктор Ширин Хантер биз билан суҳбатда Ҳиндистоннинг Марказий Осиёда олиб бораётган сиёсий фаоллиги ҳақида шундай деди:

“Менимча, мазкур сиёсат ортида икки муҳим омил бор. Биринчиси, Ҳиндистон Марказий Осиёда ўз таъсирига эга бўлишни истайди. Ҳиндистон ўзига жануб-шарқ Осиё минтақасида пайдо бўлаётган қудратли давлат сифатида қарайди. Иккинчидан, Ҳиндистоннинг шиддат билан ривожланаётган иқтисодиёти учун маҳсулот экспорт қилинадиган бозорлар лозим. Бундан ташқари мамлакат саноати учун энергия ресурслари керак. Ниҳоят тўртинчидан, Марказий Осиёга яқин жойлашган Покистон билан таъсирни мувозанатга келтириш ҳам кўзда тутилмоқда“, - дейди америкалик мутахассис.

Ҳиндистоннинг ашаддий душмани ҳисобланган Покистон эса, Ҳиндистоннинг Марказий Осиёдаги фаоллигидан аллақачон ташвиш билдирган. Айни пайтда, Хитойнинг коммунист раҳбарлари ҳам Ҳиндистоннинг Марказий Осиёдаги фаоллигини диққат билан кузатиб келмоқда.
XS
SM
MD
LG