Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:03

Қимматбаҳо ускуналардан қачон фойдаланилади?


Маълумотларга қараганда, Ўзбекистон таълим муассасаларида фойдаланиш учун келтирилаётган қимматбаҳо ўқув ускуналаридан баъзилари айрим сабабларга кўра ишлатилмаётир.

Улар орасида академик лицей ва коллежларда кимё фанини ўқитиш жараёнида қўлланилиши режалаштирилган Жанубий Кореяда ишлаб чиқарилган қиймати 4850 долларлик “Оптизен-3” спектрофотометри ҳам бор. Аксарият кимё ўқитувчиларининг айтишича, келтирилганига уч йилга яқин вақт ўтганига қарамай, ушбу асбоблардан фойдаланилмаётир. Айни асбоб талаб қилинадиган машғулотларнинг ўқув режасига киритилмагани бунга сабаб бўлмоқда.

“Оптизен-3” қаттиқ ва суюқ шаффоф жисмларнинг электрон ютиш қобилияти, кимёвий реакцияларнинг тезлик доимийликлари борасида илмий текшириш ўтказиш жараёнларида фойдаланилади. Самарқанд давлат унивеситети ҳузуридаги академик лицейнинг кимё кафедраси мудири Абдулла Қувватовнинг айтишича, на кимё, на физика предмети дастурларида бу асбобдан фойдаланиш талаб этиладиган машғулотлар киритилган.

Ўрта махсус касб ҳунар таълими маркази таъминот бўлими бошлиғи Аъзам Холмуродовнинг маълум қилишича, “Оптизен-3” соҳа мутахассислари ва ўқитувчилардан тузилган комиссия томонидан танлаб олинган. Мамлакат бўйича 200 дан ортиқ шундай асбоб харид қилинган.

Ўзбекистон Миллий университети ҳузуридаги С.Сирожиддинов номидаги академик лицей кимё фани ўқитувчиси, мана шу комиссия таркибида ишлаган Ойбек Холиқовнинг айтишича, аслида “Оптизен-3” кимё ва физикага ихтисослашган илм масканларида фойдаланиш учун харид қилинган. Лекин негадир у турли коллежларга ҳам тарқатиб юборилган.

Сўнгги вақтларда аксарият ўқитувчилар ушбу асбобларни олий ўқув юртларига олиб бериш таклифини билдириб келмоқда. Чунки “Оптизен-3” бугунги кунда олий ўқув юртлари кимё ва физика факультетларининг учинчи-тўртинчи курслари, магистратураси, шунингдек, илмий тадқиқот институтлари учун жуда зарур. Аммо бу таклифлар инобатга олинмаётир.
XS
SM
MD
LG