Линклар

logo-print

Ўзбекистон Қуролли кучларида нима гап?


Тўлқин Яқинда Интернет сайтларида Александр Пушкарёв имзоси билан эълон қилинган мақолада Ўзбекистон Қуролли кучлари сафларида хизмат қилган бир гуруҳ катта офицерлар Россия фойдасига айғоқчилик билан шуғуллангани тўғрисида маълумот берилади.

Мақолада сўнгги вақтларда Россия фойдасига айғоқчиликда айбланган бир қанча офицер ҳибсга олингани айтилиб, уларнинг исм-фамилиялари тилга олинади:

“полковник А.Е.Кияев — Қуролли кучлар Бирлашган штаби бош оператив бошқармаси бошлиғи,
полковник М.И.Иванников — Қуролли кучлар Бирлашган штаби котибияти бошлиғи,
полковник Ю.М.Данилин — Қуролли кучларБирлашган штаби 8-бўлими бошлиғи,
генерал-лейтенант А.В.Шишлянников — Қуролли кучлар академияси ўқитувчиси, Тожикистон Республикасининг собиқ мудофаа вазири”.


Мақолада ёзилишича, Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараларини ҳимоя қилувчи қўмитаси раҳбариятидан деярли барчаси айғоқчиликда айбланган. Булар қўмита раисининг ўринбосарлари - полковник А.Рашидов, полковник А.Каримқулов, полковник И.Бешимов, штаб бошлиғи ўринбосари полковник Н.Средний, “Тошкент” оператив қўмондонлиги бошлиғи полковник Б.Исаковдир.

“Озодлик” мухбири мазкур мақолада келтирилган маълумотларга ойдинлик киритиш мақсадида Миллий хавфсизлик хизматига мурожаат қилди. МХХ матбуот хизмати вакили Олим Тўрақуловнинг таъкидлашича, Александр Пушкарёвнинг мақоласи буюртма хусусиятига эга. Унда келтирилган далиллар ҳам ҳақиқатдан йироқ.

О.Тўрақуловнинг маълум қилишича, мақолада номи келтирилган шахслардан фақат биттаси – Давлат чегараларини ҳимоя қилувчи қўмита штаби бошлиғининг собиқ ўринбосари Н.Среднийга Жиноят кодексининг 157-моддаси (давлатга хоинлик қилиш) бўйича айблов қўйилган. У мамлакат ҳарбий суди томонидан ЖКнинг 157 ва 301-моддаларида (ҳокимиятни суиистеъмол қилиш, ҳокимият ваколатларидан ташқарига чиқиш ёки ҳокимият ҳаракатсизлиги) кўрсатилган жиноятларни хорижий давлатлардан бирининг манфаати учун содир этганликда айбланиб, жорий йилнинг 29 октябрида 11 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган.

О.Тўрақулов Николай Средний қайси давлат фойдасига айғоқчилик қилганини айтмади.

О.Тўрақулов Давлат чегараларини ҳимоя қилувчи қўмитанинг уч собиқ мансабдор ходимига нисбатан МХХ тергов бўлими томонидан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди. Аммо уларга қўйилган айблар айғоқчилик билан боғлиқ эмас экан. Унинг айтишича, қўмита раисининг техника ва қурол-яроғ бўйича собиқ ўринбосари полковник А.Каримқуловга ЖКнинг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-тарож қилиш) ва 301-моддаси (ҳокимиятни суиистеъмол қилиш, ҳокимият ваколатларидан ташқарига чиқиш ёки ҳокимият ҳаракатсизлиги) бўйича айблар қўйилган. Ҳозир ушбу жиноят иши ҳарбий судда кўрилмоқда. Қўмитанинг “Тошкент” чегара қўшинлари оператив гуруҳи собиқ бошлиғи полковник Б.Исаковга нисбатан эса юқорида кўрсатилган икки моддадан ташқари ЖКнинг 210-моддаси (пора олиш) бўйича айблов эълон қилинган. Бу иш юзасидан тергов олиб борилмоқда.

О.Тўрақуловнинг таъкидлашича, Қуролли кучларнинг мақолада номлари тилга олинган бошқа мансабдор шахслари айғоқчиликка мутлақо алоқадор эмас.
XS
SM
MD
LG