Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:28

Ўзбекистон адвокатлари ҳимояга муҳтож


Расмий маълумотларга қараганда, бугунги кунда Ўзбекистонда уч мингдан ортиқ адвокат фаолият олиб боради. Бу ҳар 8300 фуқарога битта адвокат тўғри келади, деганидир.

Адвокатлар фуқароларнинг ҳуқуқи ва манфаатларини ҳимоя қилувчи асосий куч ҳисобланади. Лекин, адвокатларнинг айтишича, бугунги кунда уларнинг ўзи ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлиб қолмоқда.

Маълумотларга қараганда, Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан 2003 йил 1 январдан бошлаб адвокатларнинг ўз даромадларидан солиқ ва бошқа тўловлардан ташқари пенсия жамғармасига қўшимча 35 фоиз суғурта бадали тўлаши жорий этилган.

Тошкент шаҳар адвокатлар ҳайъати раёсати раиси ўринбосари Гулнора Эшонхонованинг айтишича, бу қарор адвокатларнинг эркин фаолият кўрсатишига салбий таъсир қилди. Улар ишлаб топган маблағнинг 70 фоизга яқини турли хил тўловлар ва ижтимоий суғурта учун ушлаб қолинмоқда.

Самарқанд вилояти адвокатлар ҳайъати раиси М.Нормуродов берган маълумотларга кўра, 2003 йилнинг 9 ойида адвокатларнинг ўртача иш ҳақи 2972 сўмни ташкил этган. Бу мамлакатдаги энг кам иш ҳақининг тенг ярми ҳам эмас.

Г.Эшонхонованинг айтишича, шундай тўловлар сабаб адвокатлар кўрсатадиган хизмат нархи ошмоқда. Натижада ўртада мижоз азият чекаётир. Фуқаролар ўзлари истамаган ҳолда ҳимоя олиш ҳуқуқидан маҳрум бўляпти.

Кузатувчиларнинг эътирофича, адвокатларнинг бундай аҳволда қолгани фуқароларга ҳам, жамиятга ҳам зарар келтирмоқда. Бундан ташқари, адвокатларнинг кўрсатилган хизмат учун мижозлардан оладиган ҳақи миқдорини яшириш ҳолати вужудга келаётир.

Ўзбекистон адвокатларини қийнаётган иккинчи катта муаммо тергов ва суд жараёнларида адвокатнинг роли пастлигидир.

Г.Эшонхонованинг айтишича, суд ва тергов жараёнларида адвокат прокурор билан тенг мавқега эга бўлиши лозим. Лекин ҳозир бу тенгликни йўқ деса ҳам бўлади. Чунки прокурор протест келтирса, у тўғридан-тўғри назорат инстанциясида кўрилади. Лекин адвокат шундай ҳуқуқдан фойдаланмоқчи бўлса, унинг қабул қилиниши кимнингдир хоҳишига боғлиқ, дейди Г.Эшонхонова.

Жиноят содир этишга гумон қилиниб, ҳибсга олинган шахс билан учрашиш адвокатлар олдидаги учинчи йирик муаммодир. Адвокатларнинг таъкидлашича, фуқаронинг адвокат олиш ҳуқуқи ҳар доим ҳам таъминланмайди.

Адвокат Мардон Аҳмедовнинг айтишича, айбланаётган шахснинг адвокат билан учрашуви у қўлга олингандан анча вақт кейин бўлиб ўтади. Шу вақт ичида эса тергов ходимлари турли йўллар билан ҳимоячисиз айбланувчининг бўйнига айбни қўйиб улгуради.

Г.Эшонхонованинг сўзларига қараганда, Ўзбекистон Президенти адвокатларнинг фаолиятини юксалтириш ҳақида яхши гапларни гапирган. Лекин мансабдор шахслар на Президентнинг гапларини, на амалдаги қонунларни назар-писанд этмай, қонунчиликни ўзлари хоҳлаганча талқин қилишга уринмоқда.
XS
SM
MD
LG