Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:06

Милиция ходимлари эркчига ёлғондакам айб қўймоқчи бўлди


Шайбон Хабарларга қараганда, 29 январь куни “Эрк” партияси аъзоси Жаҳонгир Шосалимов икки нафар милиция ходими томонидан ҳибсга олинган. У тўрт соат давомида Чорсу бозорида милиция таянч пунктида ушлаб турилган.

Ж.Шосалимов милиция пунктидан қайтгандан сўнг “Озодлик” мухбири билан суҳбатда бўлди. Унинг айтишича, воқеа Чорсу бозорида содир бўлган. Шу ерда савдо қилувчи аёллар солиқчилар билан талашиб қолган. Ж.Шосалимов эса уларни инсофга чақиришга ҳаракат қилган. Шундан сўнг милиция ходимлари уни фитна уюштиришда айблаб, таянч пунктига олиб кетган.

Милиция таянч пунктида Ж.Шосалимовни ичиб олиб, ҳокимият вакилига қаршилик кўрсатишда айблашган. Лекин у умуман ичмаслигини айтгандан сўнг, бозор ҳудудида ҳожатини чиқарганлик бўйича баённома тузмоқчи бўлишган. Бироқ Ж.Шосалимов ўзининг айбсиз эканлигини қатъий туриб ҳимоя қилгани учун уни қўйиб юборишган.

“Эрк” партияси раҳбарияти маълум қилишича, Жаҳонгир Шосалимов билан юз берган воқеа юзасидан тегишли идораларга расмий норозилик билдирилади, зўравон милиция ходимларининг жавобгарликка тортилиши талаб этилади.
XS
SM
MD
LG