Линклар

logo-print

Қишлоқларда ҳам ОИТС тарқалиш хавфи кучли


Саида Кузатувчиларнинг фикрича, бугунги кунда Ўзбекистоннинг нафақат шаҳарларида, балки қишлоқларида ҳам ОИТС/ВИЧ касаллиги тарқалиш эҳтимоли мавжуд.

Халқаро ташкилотлар ҳисоботларида Марказий Осиё давлатларида сўнгги йилларда Орттирилган иммун тақчиллиги синдроми (ОИТС) ва Одам иммун тақчиллиги вирусини (ВИЧ) юқтирганлар сони кўпайиб бораётгани қайд этилган. Хусусан, БМТнинг ОИТСга қарши кураш департаменти - UNAIDS маълумотларига кўра, агар зудлик билан чоралар кўрилмаса, 2005 йилга бориб Марказий Осиёда 2 миллион киши шу хавфли касалликка чалиниши эҳтимоли бор.

Ўзбекистон минтақадаги аҳолиси энг кўп давлат бўлса-да, ОИТС/ВИЧни юқтирганлар сони нисбатан камчиликни ташкил этади. Маълумотларга қараганда, ҳозирги кунда Ўзбекситонда З215 киши ОИТС билан оғриган. Мутахассисларнинг айтишича, мамлакатда ОИТСга чалинганларнинг асосий қисмини гиёҳвандлар ташкил этади. Расмий статистикада келтирилишича, ОИТС/ВИЧни юқтирганларнинг 20 фоизи фоҳишалардир.

Аҳолига хизмат кўрсатиш халқаро ташкилоти - ПИЭСАЙ мувофиқлаштирувчиси Индира Аҳмедова ОИТСни юқтирган, лекин расмий рўйхатга олинмаганлар сони бундан кўпроқлигини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, биргина Тошкент шаҳрининг ўзида мазкур касалликка чалинганлар сони 6 мингтани ташкил этади. Касалликка чалинган хотин-қизларнинг ўртача ёши эса 20-21 ёшдир.

И.Аҳмедованинг маълум қилишича, ўтказилган тадқиқотлар фоҳишаларнинг 65 фоизини маҳаллий аҳоли вакиллари ташкил этишини кўрсатган. Уларнинг маълум қисми олий маълумотга эга экан.

Айрим кузатувчилар мамлакатда кўпчилик хотин-қизлар, айниқса, қишлоқ аёллари муқим даромад манбаига эга бўлмагани сабабли фоҳишалик қилишга мажбур бўлаётганини эътироф этмоқда. Уларнинг билдиришича, бундай аёллар аввалига мардикорлик қилади. Оғир ишлардан зада бўлгач эса фоҳишалик йўлини танлашга мажбур бўлади. Таҳлиллар мардикор аёллар ичида ҳам ОИТС/ВИЧга чалинганлар борлигини кўрсатмоқда. Қишлоқ аёлларининг мардикорлик ва фоҳишалик билан шуғулланиши кўпайиб бораётгани ўз-ўзидан бу ҳудудларда ОИТС/ВИЧ тарқалиши эҳтимолини кучайтираётир.

Маълумотларга қараганда, “аср вабоси” билан оғриганларнинг 70 фоизини ёшлар ташкил этади. Шу боис, кузатувчиларнинг фикрича, мамлакат ёшларининг ушбу касаллик тўғрисидаги тушунчаларини бойитиб бориш лозим. Хусусан, дейди Фарғона академик лицейи ўқитувчиси Ҳамдам Арслонов, ОИТС/ВИЧнинг тарқалиш йўллари, оқибатлари ҳақида дарсларда ўқувчиларга маълумотлар берилиши йўлга қўйилса, мақсадга мувофиқ бўлади.
XS
SM
MD
LG