Линклар

Сайловларда қонунбузарликлар юз бермоқда


Фирдавс Айни кунларда Ўзбекистонда фуқароларнинг маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органларига сайловлар давом этмоқда. Айрим кузатувчиларнинг эътироф этишича, ушбу сайловлар қонун бузилишларидан холи кечмаётир.

Расмий маълумотларларга қараганда, Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманида фуқароларнинг 25 та ўзини ўзи бошқариш органи мавжуд. 22 ноябрга қадар уларнинг олтитасида сайловлар ўтказилган.

21 ноябрь куни мазкур тумандаги Қўрғонтош қишлоқ фуқаролар йиғини раҳбарлигига ҳам сайлов бўлиб ўтди. Айни пайтда ушбу сайлов ҳақида турли фикрлар пайдо бўлмоқда. Маҳалла вакили Парда Ҳакимовнинг айтишича, сайлов чоғида қонун бузилиши юз берган. Яъни оқсоқолликка номзодини қўйганлардан бири Маҳмуд Қулмирзаевнинг қонун бўйича ушбу сайловда қатнашишга ҳақи бўлмаган. Чунки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига сайловлар тўғрисидаги қонунларга кўра номзодларнинг айбдор сифатида ҳуқуқ-тартибот органларига боғлиқлик жиҳати бўлмаслиги керак. Аммо М.Қулмирзаев бир йил аввал ўзи раҳбар бўлган “Қўнғирот” хўжалигида юз берган катта миқдордаги талон-тарожликлар учун айни пайтда тергов бераётган экан.

Туман ҳокими ўринбосари Беккелди Намозовнинг таъкидлашича, туман сайлов комиссияси номзодлар ҳақида тўплаган маълумотларни тегишли органларга тақдим этади. Улар ушбу маълумотларни ўрганиб чиқиб, номзодларнинг сайловда қатнашиш-қатнашмаслиги юзасидан тавсия беради. Хусусан, Қўнғиртош фуқаролар йиғини раҳбарлигига ўз номзодини қўйган уч шахс тўғрисидаги маълумотлар ҳам шундай текширувлардан ўтказилган. Уларнинг, шу жумладан, М.Қулмирзаевнинг сайловда қатнашишини маън этувчи ҳолатлар аниқланмаган.
XS
SM
MD
LG