Линклар

logo-print

Ўзбекистонда ОАВ қайта рўйхатдан ўтказилмоқда

  • Барно Анвар

Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги маълумотларига қараганда, 1 октябрдан бошлаб мамлакатдаги барча нашрларни ялпи равишда қайта рўйхатдан ўтказиш жараёни бормоқда.

Агентлик томонидан таҳририятларга жўнатилаётган хатларда 31 декабргача қайта рўйхатдан ўтиш лозимлиги, акс ҳолда уларга нисбатан чора кўрилиши маълум қилинган.

Агентликнинг ОАВ ва нашриётлар фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи Ўткир Зокировнинг айтишича, қайта рўйхатдан ўтказишга Ўзбекистон Республикасининг ОАВ тўғрисидаги қонунига 2002 йилда тўртта янги модда киритилгани сабаб бўлган. Энди таҳририятларнинг ҳужжатлари ушбу ўзгаришларга мувофиқлаштирилиши лозим.

Ў.Зокировнинг маълум қилишича, ҳозирга қадар даврий нашрларнинг 40 фоизга яқини қайта рўйхатдан ўтказиб бўлинган.

Мустақил кузатувчилар эътирофича, қайта рўйхатдан ўтишга улгурган нашрларнинг аксарияти расмий ва давлатга қарашли газета-журналлардир. Хусусий, тижорий нашрларнинг кўпчилиги ҳали қайта рўйхатдан ўтмаган.
Жумладан, “Хонадон сирлари” газетаси бош муҳаррири Васида Мадумаровнинг таъкидлашича, таҳририят қайта рўйхатдан ўтиш ҳақида ҳали огоҳлантирилмаган ҳам.

Мустақил журналист Алишер Назаровнинг фикрича, Ўзбекистонда кун сайин кўпайиб бораётган турли хусусий нашрларни бир карра қайта рўйхатдан ўтказиш масаласини аслида жиддий ўйлаб кўриш мумкин. Чунки уларнинг кўпчилиги аҳолининг ахборотларга бўлган эҳтиёжини қондириш учун эмас, балки пул орттириш мақсадида нашр этилмоқда. Лекин жамоатчиликнинг кескин танқидига учраган бу каби нашрлар қайта рўйхатдан ўтиш масаласини пора йўли билан осонгина ҳал қилади, дейди А.Назаров.

- Қонун ҳужжатларига киритилган ҳар бир ўзгартириш учун нашрларни қайта рўйхатдан ўтказиш шартмикан, - дейди мустақил журналист Алимардон Аннаев. – Бу қарор бойишга имкон топаётган нашрлардан яна бир карра ўлпон йиғишдан ўзга нарса эмас.
XS
SM
MD
LG