Линклар

Шеварнадзедан кейинги Грузия


A. ARAL Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти ташқи ишлар вазирлари учрашувида нутқ сўзлаган Грузия муваққат президенти Нино Бурджанадзе – мамлакати демократик Европанинг бир қисми бўлиши истагида эканлигини баëн этди. Шу билан бирга у Россия ҳарбий кучлари Грузияни тарк этишлари кераклигини ҳам таъкидлади.

Россия эса, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг 1999 йилги Истамбул саммитида Грузиядан ўз кучларини олиб чиқиш мажбуриятини зиммасига олганига қарамай, мамлакат ҳудудларидаги ҳарбий базасини кучайтиришда давом этмоқда.

Бурджанадзе Москвани ўтган 10 йил давомида икки сепаратист вилоятни ҳимоя қилиб келганлик ва бу билан Грузия ички ишларига аралашаëтганликда айблади. Эслатиб ўтаман, Шеварднадзе истеъфосидан кейин мамлакатнинг автоном республикалари Абхазия, Ажария ва Жанубий Осетия лидерлари Москвада Россия Ташқи Ишлар вазири Игор Иванов билан учрашиб, ўзаро ҳамкорлик масаласини муҳокама қилдилар.

Иванов, Грузия муваққат президенти билан Голландиянинг Мастрихт шаҳрида олиб борган музокараларида мазкур танқидларни рад этиб, Москва Грузия ишларига аралашмаëтганини таъкидлади. Бурджанадзега кўра, Москва Грузиянинг дўст мамлакат бўлиб қолиши эмас, балки қарам ҳамкор бўлишини истайди.

Кузатувчиларга кўра, НАТОга аъзо Туркия билан Каспий денгизи минтақаси марказида жойлашган Грузияда Москванинг ҳам, Вашингтоннинг ҳам манфаатлари мавжуд. Москва учун Грузиянинг нобарқарор Чеченистон билан чегарадошлиги катта аҳамиятга эга бўлса, Вашингтонни Грузия орқали ўтадиган нефт қувурлари кўпроқ ўйлантиради. Ушбу қувурлар лойиҳасининг 2005 йили ишга тушиши белгиланган.

Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлат ташқи ишлар вазирларининг йиллик анжуманида маъруза қилган АҚШ Давлат Котиби Колин Пауэлга кўра, АҚШ ҳукумати янги парламент сайловларининг конституцияга мувофиқ ўтказилиши учун Грузия муваққат ҳукумати билан бирга иш олиб боришни истайди. У сўзида давом этиб: "Халқаро ҳамжамият Грузия ҳудудий яхлитлигини сайловлар жараëнида ҳам, ундан кейин ҳам имкон қадар ҳимоя қилишлари керак. Акс ҳолда, Грузия бир бутунлигини бузишни истаëтган унсурларга имконият берилган бўлади", - деди АҚШ Давлат Котиби жумладан.

У шунингдек, Москва билан Тбилиси ўртасида давом этиб келаëтган Грузия ҳудудларидаги Россия ҳарбий базалари масаласини ҳам ҳал этишга чақирди.
XS
SM
MD
LG