Линклар

logo-print

БМТ мутахассислари Ал-Қайда ва Толибларга қарши чоралар кучайтирилишига чақирмоқда.

  • Ҳасанжон

БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонидан тузилган назорат гуруҳи Ал-Қайда ва Толибларга молиявий ва бошқа кўринишдаги ёрдамни тўхтатишга қаратилган чораларни кучайтиришга чақирмоқда. Ушбу гуруҳнинг 1 декабр куни эълон қилинган ҳисоботида Ал-Қайдага қарши амалдаги санкция иш бермаётгани қайд этилади. Ҳисоботда, шунингдек, террор гуруҳлари ва уларнинг ҳамкорларига молиявий ва ҳарбий ёрдам манбаларини йўқ қилиш мақсадида Хавфсизлик Кенгаши янада самара берувчи резолюцияни қабул қилиши тавсия этилади.

Хавфсизлик Кенгаши санкциялари бажарилишини назорат қилувчи қўмита раиси Хералдо Мунозга кўра, сўнгги ойларда дунё бўйлаб, айниқса Осиё давлатларида амалга оширилган қатор террор ҳаракатлари Ал-Қайдага нисбатан жорий этилган санкциялар кутилган самара бермаётганидан далолатдир. Мунознинг айтишича, илгари Толиблар назоратида бўлган Афғонистонда фаолият олиб борган Ал-Қайда ҳозирда ўз фаолияти доирасини кенгайтириб, операциялар кўришиниши ўзгартирган: “Биз Ал-Қайданинг нафақат Осиё, балки бошқа минтақаларга ҳам тарқалаётганидан ташвишдамиз. Шу маънода Ал-Қайда глобал миқёсдаги террор ташкилотига айланди“, - дейди БМТ расмийси.

БМТ ҳисоботида Ал-Қайда фаолиятини борган сари мувофиқлаштирилмаган ҳолда олиб бораётгани билдирилган. БМТ экспертлар гуруҳи бошлиғи Майкл Чандлерга кўра, Ал-Қайданинг бундай фаолияти уни зарарсизлантириш уринишларини қийинлаштирмоқда.

Чандлер етакчилигидаги БМТ гуруҳи Ал-Қайда тармоқларини йўқ қилиш борасида Хавфсизлик Кенгашига қатор тафсиялар тақдим этди. Улар орасида санкциялар бажарилишини назорат қилувчи гуруҳга текширувлар ўтказиш ҳуқуқи ҳам берилиши, дунё давлатлари Ал-Қайда тармоқларига қарашли молияларни аниқлаб, уларни музлатиш мажбуриятини бажариши тавсия этилган. БМТ ҳисоботида, шу пайтгача биронта мамлакат ўз ҳудудида Ал-Қайдага қарашли мол-мулк ёки корхонани аниқланиб, уларни мусодара қилмагани таъкидланади. Дунёнинг 11 давлати ўз ҳудудларида Ал-Қайдага алоқадор гуруҳлар фаолият олиб боришини билдирган бўлса-да, аммо уларга тегишли мулкни музлатиб қўймаган. Бундай давлатлар орасида Россия, Эрон ва Сурия ҳам бор. Қатор мамлакатларда террор ташкилотлари молияларни хайрия ташкилотлари орқали ўтказиб келмоқда.

Чандлер аксарият давлатлар Ал-Қайда билан боғлиқ маълумотларни ошкор қилишни истамаслигини айтади: “Айрим кишилар, агар ўз мамлакатлари ҳудудларида Ал-Қайдага алоқадор гуруҳлар фаолияти ошкор бўлса, бу туристлар, ҳорижий сармоядорлар ва бошқаларни чўчитиб юборишидан қўрқадилар“, - деди.

Маълум бўлишича, Афғонистонга қўшни бўлган давлатлардан фақат Ўзбекистон ҳозиргача Хавфсизлик Кенгашига ўз ҳисоботини топширмаган. Ўзбекистоннинг БМТдаги элчиси Алишер Воҳидов Озод Европа - Озодлик мухбирига Ўзбекистон ҳукумати Ал-Қайданинг молиявий ва ҳарбий амалиётларига чек қўйиш борасидаги БМТ Хавфсизлик Кенгаши қарорини бажаришга қаратилган чоралар кўрганини айтади: “Биз бу масалага жуда жиддий ёндошамиз. Шунинг учун ҳисоботни тақдим этишдан олдин мазкур саволларни икки ёки уч марта эмас, балки кўп марта текширамиз“, - дейди Ўзбекистоннинг БМТдаги элчиси Алишер Воҳидов.

Хавфсизлик Кенгашининг санкциялар бажарилишини назорат қилувчи қўмитаси раиси Хералдо Мунозга кўра, қўмита БМТ Хавфсизлик Кенгашига шу пайтга қадар ўз ҳисоботнини тақдим этмаган 107 давлатга мактуб йўллайди. Хавфсизлик Кенгашига ҳисобот топширмаган давлатлар орасида Арманистон, Озарбайжон, Грузия ва Қирғизистон ҳам бор.
XS
SM
MD
LG