Линклар

logo-print

Кришнанинг хоразмлик издошлари


Маълумотларга қараганда, Кришнани англаш халқаро жамияти Ўзбекистонда ҳам рўйхатга олинган. Бу жамият марказлари Тошкент ва Самарқандда фаолият олиб бормоқда. Эндиликда Хоразмда ҳам Кришнани англаш таълимотига қизиқувчилар пайдо бўлаётир.

Урганч давлат университети ректори, академик, Олий Мажлис депутати Азимбой Саъдуллаевниг айтишича, Кришна таълимотига қизиқувчилар тахминан бир йилча муқаддам пайдо бўлган. Ректорнинг эътирофича, улар фаол, аълочи талабалар сирасига кирмайди.

А.Саъдуллаев Хоразмда Кришна издошларининг пайдо бўлишига эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлмоқ зарурлигини, акс ҳолда бу хавфли оқибатларга олиб келиши мумкинлигини таъкидлади.

Маълум бўлишича, ушбу таълимотга қизиқувчилар университетнинг Табиатшунослик факультети талабалари орасида ҳам бор экан.

Талабаларнинг айтишича, университет раҳбарияти томонидан Кришна таълимотига эргашаётган толиби илмларга нисбатан тазйиқлар ўтказиб келинаётган экан.

Хабарларга қараганда, яқинда университетда Ўзбекистонда диний муносабатлар мавзуида бўлиб ўтган илмий-услубий анжуманда ҳам Кришнани англаш таълимотига қизиқувчи талабалар қаттиқ танқид қилинган.

Кришнани англаш халқаро жамияти аъзоси Рўзимбой Ҳасановга кўра, бундай ҳолатларда Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг 18-моддаси бузилмоқда. Одамларнинг ўз эътиқодини ўзгартириш эркинлигини бўғишга уринган кишилар қонун олдида жавоб бериши керак, дейди Р.Ҳасанов.

Маълумотларга қараганда, гарчи шу вақтгача Кришна таълимоти тарафдорларига нисбатан ҳеч қандай жиддий чора кўрилмаган бўлса-да, уларнинг сафи тобора сийраклашиб бормоқда.
XS
SM
MD
LG