Линклар

logo-print

Қинғир ишнинг қийиғи чиқди


Турғунбек Андижон вилояти Олтинкўл тумани Маслаҳат қишлоғидаги “Маданий меҳнат” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Шамсуддин Абдулхаев туман ички ишлар бўлимига “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти аъзоси Садирохун Сўфиев устидан шикоят-ариза билан мурожаат этди.

Аризада ёзилишича, маҳалла чойхонасида С.Сўфиев ўнга яқин қария орасида мамлакат Президенти, ҳукумати ва ҳокимият вакиллари шаънига ҳақоратомуз гаплар айтган. Шикоятга ушбу гапларга гўёки гувоҳ бўлган қарияларнинг тушунтириш хатлари ҳам илова қилинган эди.

Ушбу аризага асосан С.Сўфиев туман ички ишлар бўлимига чақиртирилиб, сўроқ қилинди. Сўроқда иштирок этган туман ички ишлар бўлими бошлиғи ўринбосари Барот Турдиев иш аввало маҳаллада кўриб чиқилиши лозим, деган қарорга келди. Агар далиллар тасдиқланса, ундан кейин биз муносабат билдирамиз, деди у.

Маҳаллада шу иш юзасидан бўлиб ўтган йиғилиш латифанамо кўриниш олди. Маълум бўлишича, тушунтириш хатларини маҳалла оқсоқоли Шамсуддин Абдулхаевнинг ўзи ёзган, кейин эса қарияларга қўл қўйдириб олган экан.

Йиғилишда иштирок этган қарияларнинг ўзи ҳам тушунтириш хатларини ёзганликларини инкор қилди. Хатга қўл қўйганини эса ҳаммаси турлича изоҳлади. Бирови саводсизлигини, хатда нима ёзилганидан бехабарлигини айтди. Яна бири эса бу гапларни умуман эшитмаганини билдирди. Учинчиси қулоғи эшитмаслигини, шу боис С.Сўфиев айтган гаплардан умуман хабари йўқлигини маълум қилди.

“Эзгулик” жамиятининг Андижон вилояти бўлими раҳбари Музаффармирзо Исҳоқов воқеанинг бундай тус олишини изоҳлаб, мазкур иш аввалдан режалаштирилган туҳмат эканини таъкидлади.

Йиғилишда ички ишлар ходимлари, маҳаллий раҳбарлар ҳам иштирок этди. Бироқ улар туҳматчилиги маълум бўлиб қолган Шамсуддин Абдулхаевга нисбатан бирор бир чора кўрилиши ҳақида оғиз ҳам очмади.
XS
SM
MD
LG