Линклар

logo-print

Ўзбекистонда амнистия эълон қилинди


Шайбон Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 11 йиллиги муносабати билан 2003 йил 1 декабрь куни мамлакат Президентининг амнистия тўғрисидаги фармони эълон қилинди.

Худди шундай фармон ўтган йили ҳам эълон қилинган эди. Кузатувчиларнинг таъкидлашича, бу ҳужжат асосида 10-15 минг маҳбус озодликка чиқарилиши кутилган эди. Аммо аслида бундай бўлиб чиқмади. Хўш, бу йилчи?

Жазони ижро этиш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Михаил Гуревичнинг айтишича, мазкур фармон тахминан 25 минг маҳбусга тадқиқ қилиниши кутилмоқда. Улар орасида бутунлай озодликка чиқариладиганлар, жазо муддати қисқарадиганлар бор.

М.Гуревичнинг таъкидлашича, тахминан 7 минг маҳбус озод этилади, 18 минг кишининг жазо муддати белгиланган тартибда қисқартирилади.

“Ҳьюман райтс уотч” ташкилотининг Тошкентдаги вакиласи Матильда Богнерга кўра, озодликка чиқарилиши кутилаётган маҳбуслар сони маълум экан, уларнинг қанчаси сиёсий ёки диний эътиқоди учун қамалгани ҳам деярли маълум.

М.Богнернинг фикрича, агар 7 минг маҳбус озодликка чиқарилиши кутилаётган бўлса, сиёсий ва диний эътиқоди учун қамоққа тиқилганлар улар орасида жуда камчиликни ташкил этади.

М.Богнер ўтган йилги авф натижаларини кузатиб шундай хулосага келганини маълум қилди. Унинг айтишича, 2002 йилда амнистияга тушиши мумкин бўлган баъзи тоифадаги маҳбуслар жазони ижро
этиш муассасасининг ички тартибини бузганликда айбланиб, эркинликка чиқарилмаган экан. Қамоқхона маъмурлари ҳукуматга ёқмайдиган маҳкумларга нисбатан шундай қалбаки айблардан фойдаланган, дейди халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти вакиласи.

М.Гуревичнинг сўзларига қараганда, амнистия тўғрисидаги фармонга мувофиқ Конституциявий тузумга қарши жинояти учун биринчи марта жазога тортилган, бу жазо муддати 10 йилгача бўлган шахслар озодликка чиқарилади. 10 йилдан ортиқ муддатга қамалганларнинг жазо муддати эса тўртдан бирга қисқартирилади.

Расмий маълумотларга кўра, ҳозир мамлакат қамоқхоналарида Конституциявий тузумга тажовуз қилишда айбланган 5 мингга яқин маҳбус бор. Кузатувчиларнинг билдиришича, уларнинг аксарияти 15-16 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган. Улар орасида ёзувчи Мамадали Маҳмудов ва “Эрк” партияси етакчиси Муҳаммад Солиҳнинг укаси Мақсуд Бекжон ҳам бор. Амнистия тўғрисидаги фармонга асосланадиган бўлсак, уларнинг озодликка чиқишига умид йўқ.

М.Гуревич инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси, журналист Руслан Шариповга нисбатан ҳам амнистия қўлланилиши мумкинлигини билдирди. Бироқ у бу ҳақда аниқ бир гап айтолмаслигини, бунинг учун Р.Шариповнинг иши билан яхшилаб танишиб чиқиши лозимлигини маълум қилди.

М.Богнер эса Р.Шариповнинг озодликка чиқарилиши ҳукуматнинг хоҳиш-ирадасига боғлиқлигини таъкидлади. Агар ҳукумат унинг авф этилишини истамаса, Русланни ҳам қамоқхонанинг ички қоидаларини бузганликда айблаб, ҳибсда олиб қолишлари мумкин, деди у.
XS
SM
MD
LG