Линклар

НАТОнинг Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига муносабати.

  • Ҳасанжон

НАТО расмийлари Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига аъзо давлатларнинг шу ташкилот билан ҳамкорлик борасидаги ташаббусларига жавобан конкрет режалари йўқлигини билдирдилар.

НАТО расмийлари ташкилот Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти билан расман иш олиб бориш ниятида эмаслиги, аммо унга аъзо далвтлар билан ҳамкорлик қилаётганини маълум қилди.

Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига аъзо Россия, Арманистон, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон Ташқи Ишлар вазирларининг яқинда Бишкекда бўлиб ўтган учрашувида НАТО билан ҳамкорликни кучайтиришга келишилди.

Қирғизистон Ташқи Ишлар вазири Асқар Айтматов Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти ва НАТО олдида айни тахликалар туришини таъкидлади: “Бугунги кунда бу икки ташкилот бир мақсадга, яъни, халқаро терроризм, шунингдек, бизнинг минтақа анчадан бери рўпара бўлаётган диний сепаратизм тахдидини бартараф этишга интилмоқда”, - деди.

Айни учрашувда, Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти Бош котиби Николай Бордюжа НАТО анча йирик мудофаа иттифоқи бўлганига қарамай ҳар икки ташкилот мақсадлари ўхшашлигини айтди: “Биз НАТО билан рақобатлашмоқчи эмасмиз. Биз НАТО билан, айниқса, хавфсизлик муаммолари бўйича ҳамкорлик қилмоқчимиз. НАТО ва Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти турли вазндаги ташкилотлар бўлса-да, моҳиятан улар бир-бирига ўхшаш. Чунки иккала ташкилот ҳарбий ва сийсий масалалар билан шуғулланади“, - деди Николай Бордюжа.

Брюсселда НАТО матбуот вакили Роберт Прусел Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотининг барча аъзолари анча вақтдан бери НАТОнинг “Тинчлик Йўлидаги Ҳамкорлик” дастурида қатнашишини маълум қилди: “Терроризмга қарши курашда, айниқса, бу давлатлар НАТО ҳарбий амалиётларини амалга ошираётган Афғонистонга чегарадош экани ҳисобга олинса, улар биз учун жуда муҳим ҳамкорлар“, - дейди НАТО вакили Роберт Прусел.

Бироқ, ўз исмини айтмасликни сўраган бошқа бир НАТО расмийсига кўра, Шимолий Атлантика Иттифоқи Коллектив Хавфсизлик Шартномасига аъзо бўлган давлатлар билан алоҳида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантирса-да, бу ташкилотни эътироф этиш нияти йўқ.

НАТО расмийси, Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига аъзо мамлакатларнинг ҳарбий имконияти турлича бўлгани сабаб, уларнинг НАТО билан ҳамкорлиги даражаси ҳам фарқланишини айтади. Шу билан бирга расмий Афғонистонда НАТО етакчилигида ҳарбий амалиётларни амалга ошириш учун мазкур давлатлар НАТО кучларига ўз худудларидаги базалар билан фойдаланишга ва ҳаво маконидан учишга рухсат берганини юқори баҳолади.

Лондондаги хавфсизлик масалалари бўйича тахлилчи Марк Жойс фикрича, Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти кам танилгани боис мазкур ташкилот эътироф этилмаган. Таҳлилчи, агар ташкилот НАТО билан ҳамкорлик қила бошласа, у кўпроқ танилиши мумкинлигини айтади.

Марк Жойсга кўра, НАТО ва Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти ўртасидаги ҳамкорлик Шимолий Атлантика Иттифоқи манфаатларига ҳам хизмат қилиши мумкин. Чунки НАТО бу минтақа билан алоқаларини мустаҳкамлашга интилмоқда.
XS
SM
MD
LG