Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:14

Кремл расмийси Россия Киото протоколини имзоламаслигини айтди.


1997 йилда Япониянинг Киото шаҳрида имзоланган шартнома иқлим ўзгаришига сабаб бўлувчи зарарли газларнинг атмосферага чиқишини камайтиришга қаратилган. Мазкур шартнома кучга кириши учун зарарли газларнинг камида 55 фоизини атмосферага чиқараётган давлатлар уни ратификация қилиши лозим.

Маълумки, иқлим исишига сабаб бўлаётган зарарли газларнинг 36 фоизи АҚШ ва 17 фоизи Россия ҳиссасига тўғри келади. Бироқ Оқ Уй маъмурияти АҚШ Киото шартномасидан чиқишини эълон қилган. АҚШ ҳукумати Киото протоколи мамлакат иқтисодиёти ривожига тўсқинлик қилиши мумкинлигини таъкидлаб бунинг ўрнига саноат соҳасида атроф-муҳитга камроқ зарар етказадиган технологиялардан фойдаланишни йўлга қўйишини маълум қилган.

Мутахассислар фикрича, агар Россиядаги заводларнинг аксари замон талабларига жавоб бермаслиги ҳисобга олинса, Россия ҳукуматининг Киото шартномасини ратификация қилиши эҳтимолдан йироқлиги аён бўлади. Бироқ, агар мамлакат Киото шартномасини ратификация қилса, ҳукумат мамлакат учун ажратилган квотанинг бир қисмини бошқа давлатларга сотиш ҳисобидан каттагина даромад кўриши мумкин.

Шунга қарамай, сешанба куни Россия Президенти Владимир Путиннинг иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчиси Андрей Илларионов Россия ҳукумати Киото шартномасини ҳозирги кўринишда ратификация қилмаслигини айтди: “Агар Киото протоколи ҳозирги кўринишда ратификация қилинса, у Россиянинг иқтисодий ривожига жиддий тўсиқ бўлади. Шу сабаб, мазкур протоколни бу кўринишида ратификация қилиб бўлмайди. Дунёнинг бошқа давлатлари ўзига нисбатан бундай чекловлар жорий этмаяпти”, - дейди Андрей Илларионов.

Кремл расмийсининг бундай баёноти Киото протоколи 2005 йилдан бошлаб кучга киришини хоҳлаётган Европа Иттифоқи расмийларини бефарқ қолдирмади.

Европа Иттифоқининг Атроф-муҳит масалалари бўйича мутасаддиси Маргот Виллстром Россиянинг Киото протоколини ратификация қилишдан бош тортаётгани мазкур келишув йўққа чиққанини англатмаслигини қайд этди: “Киото протоколи ўлгани йўқ. Балки, ҳозирда бир оз танаффус пайдо бўлди“.

Маргот Виллстром Россиядаги ички сиёсий вазият, шу жумладан яқинлашаётган сайловлар ратификация қилиш жараёнига таъсир қилаётганини айтиб, мамлакат шартномани қабул қилишига умид билдирди. Виллстром агар Россия бу хужжатни ратификация қилмасалар, бу мамлакат ўзига ҳам зарар етиши мумкинлигини айтади: “Агар Россия бизга аниқ жавоб бермасдан вақтни чўзаверса, менимча, бундан ўзи ҳам зиён кўради. Чунки кўплаб компаниялар Россияга сармоя ётқизишни жиддий ўйлаб кўрадилар“, - деди Европа Иттифоқининг Атроф-муҳит масалалари бўйича мутасаддиси.

Европа Атроф-муҳит Агентлиги вакили Тони Кэрритнинг Озодлик радиосига айтишича, Россия Киото Протоколини ратификация қилмаса ҳам Европа Иттифоқи иқлим ўзгаришининг олдини олишга қаратилган ҳаракатларни давом эттиради: “Чунки Европа Иттифоқи қонунлари бўйича ҳар бир аъзо давлатга зарарли газлар миқдорини камайтириш мажбурияти юклатилган. Шу боис, Россиянинг Киото шартномаси юзасидан қандай қарорга келишидан қатъий назар, Европа Иттифоқи давлатлари бу жараённи давом эттирадилар”, - дейди Тони Керит.

Айни пайтда, Япония Атроф Муҳит Вазирлиги Россия Киото протоко-лини ратификация қилишига умид билдирди. Маълумки, Россия Бош вазири Михаил Касянов 15 декабрда Японияга сафар қилиши ва Бош вазир Юничиро Коизуми билан музокаралар олиб бориши кутилмоқда. Япониянинг Глобал Атроф-Муҳит Бюроси вакили Хироши Сагавага кўра, музокаралар чоғида Япония расмийлари Россияни Киото протоколини ратификация қилишга яна бир бор даъват этади. “Агар Россия ратифи-кация қилмаса, Киото протоколи қонуний кучга кирмайди”, - деди Хироши Сагава.

2 декабр куни БМТ эълон қилган ҳисоботга кўра, глобал илиқлашув жараёни дунёнинг машҳур қишки спорт масканларига ҳам салбий таъсир этмоқда. Тоғ бағрларидаги қор қатламининг эриши натижасида спортчилар тоғларнинг баландроқ қисмида шуғулланишга мажбур бўлмоқдалар. БМТнинг Атроф-муҳит Дастурига кўра, агар тоғ этакларидаги қор қатлами эришда давом этаверса, 2030 йилга бориб тоғ этакларида жойлашган дунёнинг айрим қишки курорт масканлари йўқ бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Маълумки, Ўзбекистонда ҳам Чимён тоғ этакларида қишки спорт билан шуғулланувчилар учун қатор дам олиш масканлари қурилган. Ўзбекистонликлар ва хорижлик меҳмонлар қишки спорт билан шуғулланиш, хусусан чанғи учиш учун ана шу масканларга борадилар. Хўш, глобал илиқлашув жараёни Ўзбекистоннинг Чимён ва бошқа қишки спорт масканларига қандай таъсир кўрсатмоқда? Шу савол билан биз ЭКОСАН халқаро жамғармаси раиси Ю. Шодиметовга мурожаат қилдик.
XS
SM
MD
LG