Линклар

Касаллик орттириладиган шифохона


Турсун Бек Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигига қарашли Сирдарё вилоятидаги ногиронлар уйи йилдан йилга харобага айланиб бормоқда.

Асаб касалликларини даволашга ихтисослашган бу маскан 1974 йилда қурилган. Ўтган 29 йил давомида бино пойдевори анча чўкиб, деворларига тинимсиз зах ўтмоқда. Бунинг таъсирида ногиронлар уйида даволанаётганлар қўшимча касалликлар орттираётир.

Маълумотларга қараганда, айни вақтда ногиронлар уйида 174 аёл ва 22 бола даволанмоқда. Гарчи бинонинг иситиш тизими яхши ишласада, зах кўтарилиши оқибатида унинг самараси кам бўлмоқда. Беморлар ётадиган тўшаклар нам тортиб қоляпти. Уларни ҳар куни қуритишнинг эса иложи йўқ.

Ногиронлар уйи бош шифокори Акмал Шомуродовнинг айтишича, ботқоқ ерда жойлашгани сабабли бино мунтазам таъмирга муҳтож. 2001-2002 йилларда иншоот бир неча ўн миллион сўмлик таъмирдан чиқарилган. Бироқ зах кўтарилиши оқибатида бу самара бермаяпти. Шунга қарамай, ҳар йили бу ишлар учун миллионлаб сўм ажратилмоқда. Жорий йилда ҳам таъмирлаш учун 6 миллион сўм ажратилган.

Ногиронлар уйи хўжалик ишлари мудири Камол Шеровнинг фикрича, бинони таъмирлаш учун ҳар йили миллионлаб сўм ажратгандан кўра бирорта бошқа бино топиб, кўчиб ўтиш арзонроқ тушади. Лекин бу ҳақда ҳеч ким ўйлаб кўраётгани йўқ. Ажратилаётган маблағ эса қурилишга ихтисослашган турли фирмалар орқали талон-тарож қилинмоқда.
XS
SM
MD
LG