Линклар

logo-print

“Очиқ дунё” ўзбекларга тажриба ўргатади Нодира


Ўзбекистондаги банк, соғлиқни сақлаш, тадбиркорлик соҳалари, шунингдек, журналистлар ва нодавлат, нотижорат ташкилотлар вакилларидан иборат 50 кишилик делегация АҚШ Конгресси “Очиқ дунё” дастурининг ўн кунлик касбий интенсив лойиҳаларида қатнашиш учун 6 декабрь куни океан ортига жўнаб кетади.

“Очиқ дунё” дастури Россия ва АҚШ ўртасида ҳамкорликни кучайтириш, Россиядаги демократик ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 1999 йилда ташкил этилган. Шу кунга қадар ушбу дастур доирасида россиялик сиёсат ва иқтисод соҳаси вакилларидан 7 мингдан зиёди АҚШда тажриба ўрганиб қайтган. Улар Америкадаги фуқаролик жамияти қонуниятларини ўрганиш имкониятига эга бўлдилар.

2000 йилга келиб “Очиқ дунё” дастури шу номдаги мустақил марказга айлантирилган эди. 2003 йил февралда эса Конгресс Ўзбекистоннинг мазкур дастурга иштирокини тасдиқланганди.

АҚШнинг Ўзбекистондаги муваққат ишлар вакили Дэвид Эплетон ўзбек делегациясининг океан ортига бўлажак сафарига баҳо берар экан, ушбу дастурда Ўзбекистоннинг ҳам иштирок этиши мамлакатда демократиянинг кучайиши ва иқтисодий ўсиш жараёнларининг жадаллашувида катта ҳисса қўшишига умид билдирди. Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон билан мазкур дастур доирасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш режалаштирилмоқда.

Маълумотларга қараганда, Ўзбекистон делегацияси аъзолари дастлаб Вашингтонда икки кунлик тайёрлов дастурларида иштирок этади. Сўнг АҚШнинг йирик штатларида кичик гуруҳларга бўлиниб иш олиб боради. Улар, асосан, АҚШда давлатнинг иқтисодий ислоҳотлардаги ўрни, инвестиция ва халқаро ҳамкорлик, аёллар тадбиркорлиги, сил, ОИТС ва гиёҳвандликка қарши кураш, матбуотда демократия масалаларида тажриба ўрганади.
XS
SM
MD
LG