Линклар

Электрон ОАВ уюшмоқда

  • Барно Анвар

Хабарларга қараганда, 1 декабрь куни яқинда ташкил этилган Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари уюшмасининг қурултойи ўтказилиб, унинг бошқаруви сайланган ва низоми тасдиқланган. Ҳозирча унга нодавлат телевидение, радио ва кабель ТВ субъектларидан 65 таси аъзо бўлган.

Манбаларнинг маълум қилишича, уюшманинг ташкил этилишидан мақсад мамлакатда ОАВнинг эркин рақобат муҳитини яратиш, мустақил электрон матбуотни ривожлантиришдир.

Сирдарё вилоятидаги “Алоқа” телевидениеси директори, мазкур уюшма бошқаруви аъзоси Аъзам Усмоновнинг таъкидлашича, ташкилотнинг тузилиши бугунги кун зарурати натижасидир. Зеро, мамлакатда нодавлат ТВ ва радиоларнинг фаолиятида учраётган кўплаб муаммоларни фақат бирдамлик орқали ечиш мумкин.

Кузатувчиларнинг фикрича, бугунги кунда нодавлат ТВ, радиоканалларнинг мухлислари тобора ортиб бормоқда. Улар орқали тарқатилган ҳар бир танқидий материал муаллифи дарҳол маҳаллий амалдорларининг зуғуми остида қолаётир.

Жиззахдаги нодавлат ТВ ходими Саидқосим Алиев айтишича, янги уюшма журналистларни шундай тазйиқлардан ҳимоя қилиши лозим.

Нодавлат ТВлардан бирининг директори Бахтиёр Эшонқуловнинг билдиришича, уюшмани ташкил этиш ҳаракатлари тўрт йилча муқаддам бошланган.

“Шу вақт давомида бўлиб ўтган турли мунозараларни кузатиб, уюшманинг ўз олдига қўйган мақсадини амалга оширишига бироз иккиланиб турибман. Агар ташкилот ҳақиқатан ҳам нодавлат электрон ОАВ вакилларининг манфаатларини рисоладагидек ҳимоя қила олса, унинг келажагига ишонч пайдо бўлади”, деди Б.Эшонқулов.
XS
SM
MD
LG