Линклар

logo-print

Журналист касбини ўзгартирмоқчи

  • Садриддин Ашур

Хабарларга қараганда, қашқадарёлик журналист Олим Тошев ўз касбини ўзгартириб, ҳозир яшаб турган Қарши шаҳридан кўчиб кетмоқчи.

Эслатиб ўтамиз, О.Тошев қўшнисини калтакланганликда айбланиб, бир неча йилга шартли жазога ҳукм этилганди. Кузатувчиларнинг таъкидлашича, унинг судга тортилишига матбуотда эълон қилинган танқидий мақолалари сабаб бўлган.

Сўнгги вақтларда Олим Тошев Қаршидаги “Насаф” газетасида ишлаётган эди. Мустақил журналист Тўлқин Қораевнинг айтишича, яқинда у ишдан кетган. Иқтисодий қийинчиликлар сабаб, газета чиқмай қолгач, бош муҳаррир Комила Каромова журналистдан ўз аризасига кўра ишдан бўшашни талаб қилган.

Т.Қораев О.Тошев аслида бошқа сабабларга кўра ишдан бўшатилганини билдирди. Унинг таъкидлашича, газетада О.Тошевнинг икки бадиаси эълон қилинган. Уларнинг бирида мамлакатда сил касали кенг тарқалиш сабаблари, иккинчисида порахўрлик миллатнинг фожиасига айлангани ҳақида сўз юритилган. Шундан сўнг журналистни газетада ишлатгани қўйишмади, дейди Т.Қораев.

“Озодлик” мухбири О.Тошев биан суҳбатлашиш мақсадида унинг уйига қўнғироқ қилганида гўшакни кўтарган қизчаси дадаси Навоий шаҳрига иш қидириб кетганини маълум қилди.

Айни пайтда Навоий шаҳрида юрган О.Тошевнинг “Озодлик”ка билдиришича, суд ижро департаменти ундан иш жойидан маълумотнома олиб келишни сўраган. Бош муҳаррир Комила Каромова эса маълумотнома беришни истамаган. У газета босмахонадан 1 миллион 200 минг сўм қарз экани, шунинг учун айрим ходимларни ишдан бўшатишга мажбур бўлаётганини айтган. Лекин О.Тошев ариза ёзиб бермаган. Шунда унинг қўлига меҳнат дафтарчасини тутқазишган.

О.Тошев Навоийдан яшашга уй ва иш излаётганини билдирди.

“Қаршида яшагани ҳам, ишлагани ҳам қўйишмаяпти. Менинг хам орзу-ҳавасим бор. Болаларим бўйи етиб қоляпти. Шу сабабли касбимни ўзгартирмоқчиман. Агар журналистикада ишласам ҳам фақат бульвар матбуотда фаолият юритишим мумкин”, деди О.Тошев.

Кузатувчиларнинг эътирофича, Ўзбекистон ОАВда сўз эркинлиги ва ошкораликнинг йўқлиги сабабли кўплаб моҳир журналистлар маҳаллий ҳокимиятларнинг тазйиқ ва таъқибига дош бера олмай, ўз касбини ташлашга мажбур бўлмоқда. Бунга Олим Тошевнинг қисмати яққол мисол бўла олади, демоқда улар.
XS
SM
MD
LG