Линклар

logo-print

Тожикистонда дунëвий қонун устунлиги


A. ARAL Яқинда Тожикистоннинг Қоратегин водийсида бўлиб қайтган Норвегиядаги "Форум 18" ахборот агентлиги мухбири Игор Ротарнинг айтишича, минтақа аҳолиси дунëвий қонунлар асосида тинч ҳаëт кечирмоқда. У 90-йиллардаги фуқаролар уруши даврида минтақга борганида аҳоли вазияти анча оғир бўлганини таъкидлайди.

"Бундан 5 йил олдин мазкур водийдаги ҳаëт Шариат қонунлари асосида бошқарилар эди. Агарда кимдир бирор ëмон иш қилиб қўйса, калтаклаш каби фақат Исломий жазо қўлланилган. Ҳозирги кунда Қаратегинда диний эмас, дунëвий қонунлар ҳукм сурмоқда. Эндиликда қонун нуқтаи назаридан Қаратегин ҳам Тожикистоннинг бошқа ерлари билан деярли тенг бўлиб қолди", - дейди Игор Ротар Озодлик мухбири билан сўҳбатда.

Қоратегин 1992-97 йиллардаги фуқаролар уруши давомида Тожикистон Ислом Уйғониш Партиясининг мустаҳкам маркази бўлган ва шу боис, минтақа бир оз динийлашиб қолган эди. Аммо ҳозирги кунда минтақадаги хавфсизлик вазияти ўзгариб, халқ тинч ҳаëт кечирмоқда, дейди Игор Ротар.

"Кўпчилик тожикистонликлар бу минтақа Исломий радикализм қуршовида қолган, деган қарашда. Бироқ, эндиликда бундай қараш тўғри эмас. Чунки халқ урушдан чарчаган ва кўпчиликнинг оппозиция лидерларидан ҳафсаласи пир бўлган. Улар менга, биз янги уруш эмас, тинчликда яшашни истаймиз, дейишди", - дейди журналист Ротар.

Унга кўра минтақада дунëвий қонунларнинг ҳукмронлашгани Тожикистон ҳукумати учун ютуқ ҳисобланиши мумкин.
Тожикистонлик журналист Муҳиддин Идизода, фуқаролар уруши йилларида Қоратегин минтақасида, хусусан, аëлларга нисбатан амалга оширилган муносабат ҳақида шундай фикр билдиради:

"Беш йил давом этган фуқаролар уруши пайтида бир гуруҳ жанггарилар қандайдир Исломни халққа мажбуран қабул қилдиришга уриндилар. Улар Шариатни ҳам, Қуръонни ҳам билмас ва тушунмас эдилар. Ўша пайтда аëллар жуда кўп тазйиққа учради. Аëллар кўчада юриш, ишлаш ва мактабга бориш ҳуқуқидан маҳрум этилган эди".

Журналист Идизодага кўра, жанггариларнинг одамларни масжидларда намоз ўқишга мажбур қилишлари ниҳоясига етди. Ҳозир намоз ўқийдиганларнинг тақрибан 70-80 фоизи қариялардан иборат. Рамазон ойида ҳам дўконларда спиртли ичимликлар бемалол сотилди, диейди душанбелик журналист.
XS
SM
MD
LG