Линклар

Россия, АҚШ ва Марказий Осиё.

  • Ҳасанжон

Халқаро терроризмга қарши кураш жараёнида АҚШ Марказий Осиёга қўшинларини жойлаштириб, минтақага таъсирини кучайтирмоқда. Россия эса Марказий Осиёда ўз таъсирини қайта тиклашга уринмоқда. Айни пайтда, Хитой Қозоғистоннинг нефт ва газ соҳасига йирик сармоялар ётқизишни режалаган. Ҳиндистон ҳам сўнгги ойлар ичида Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган муҳим қадамлар ташлади. Хусусан, Ҳиндистон Президенти, Бош вазири ва Ташқи ишлар вазири бирин-кетин Марказий Осиё давлатларига сафар қилдилар.

2001 йил 11 сентябрда АҚШга қарши уюштирилган террор ҳужумларидан кейин Россия Президенти Владимир Путин мамлакат ҳарбийлари маслаҳатига қарши ўлароқ, АҚШ кучларининг Марказий Осиё республикаларига жойлаштирилишига йўл қўйди. Бу АҚШ кучларининг минтақа базаларга биринчи марта жойлаштирилиши бўлди.

Орадан қарийб икки йил ўтиб Россия Марказий Осиёда фаол сиёсат олиб боришга киришди. Жорий йил август ойида Россия Президенти Владимир Путин Самарқандда Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов билан учрашди. Маълумки, Ўзбекистон 11 сентябр воқеаларидан кейин АҚШ қўшинларининг Хонобод базасига жойлаштирилишига рухсат берди. Кузатувчиларга кўра, мазкур база аксилтеррор кампанияси давомида муҳим рол ўйнаган.

Бундан ташқари, шу йил август ойида, Россия ҳарбийлари Тожикистонда ҳарбий машқлар ўтказди. Шундан сўнг, генерал Александр Морозов бошчилигидаги ҳарбий делегация Тожикистонга бориб республика раҳбарлари билан Тожикистондаги 201 моторлашган ўқчи дивизия учун ҳарбий база очиш масаласини муҳокама қилди.

25 сентябрда Қозоғистон ҳукумати Россия, Греция ва Болгария биргаликда амалга оширишни режалаган 700 миллион долларлик нефт қувури қурилиши лойиҳасида қатнашиши мумкинлигини билдирди.

2003 йил 23 октябрда Президент Владимир Путин Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳри яқинидаги Қант ҳаво базасининг очилиши маросимида қатнашди.

Воқеалар ривожи Марказий Осиёни ўз таъсир доирасига олиш учун Россия ва АҚШ ўртасида кураш бораётганидан далолатми?,-деган ўринли савол туғилади. Москвадаги Карнеги жамғармаси таҳлилчиси, профессор Алексей Малашенко бу саволга шундай жавоб беради:

“Биласизми, мен Марказий Осиёни ўз таъсирига олиш учун у ерда АҚШ ва Россия ўртасида қаттиқ кураш бормоқда, деган фикрга умуман қўшилмайман. Ҳа, шубҳасиз у ерда рақобат бор. Рақобатдан ташқари, икки давлат ўртасида маълум ҳамкорлик ҳам бор. Мен буни хатто икки давлатнинг бир-бирига эҳтиёжи бор, дея атаган бўлардим”, - дейди россиялик таҳлилчи.

Малашенкога кўра, Хитойнинг Марказий Осиёга кўз тикаётгани Россия, шунингдек, АҚШни ҳам хавотирга солади. Айни пайтда, бу ҳолат икки давлат ўртасида ҳамкорликка асос бўла олади.

Россия ва АҚШнинг Марказий Осиёга қизиқиши минтақадаги демократия ва фуқаролик жамияти қурилишига қанчалар ижобий таъсир этиши мумкин?- деган саволга:

“Мен тўғрисини айтиш лозим, деб ўйлайман. Россия Ўзбекистонда, умуман Марказий Осиёда айниқса, демократия ривожлансин, деб ошиқаётгани йўқ. АҚШ масаласига келсак, менимча, демократия, фуқаролик жамияти қуриш ҳақидаги баёнотлар кўпроқ декларатив характерга эга”, - дея жавоб берди Карнеги Жамғармаси таҳлилчиси Алексей Малашенко.

Айрим кузатувчилар, АҚШ ва Россиянинг Марказий Осиёга нисбатан олиб бораётган сиёсати минтақа давлатлари учун қанчалар фойдали бўлишини яқин келажак кўрсатишини айтмоқдалар.
XS
SM
MD
LG