Линклар

Ироқ раҳбарияти ишсизлик муаммосини ҳал этишга тайёрлигини маълум қилди

  • Ҳурмат Бобожон

Ироқнинг янги раҳбарияти собиқ режимдан мерос қолган ишсизлик муаммосини ҳал этишга ҳаракат қилаётганини билдирмоқда. Ироқ Мехнат вазири муовини Нури Жафар бу хақда маълум қилар экан мамлакатда ишсизлар сони сўнгги ойларда сезиларли камайганини таъкидлади. Жафарга кўра, Саддам Ҳусайн режимининг сўнгги йиллари Ироқда ишсизлар сони аҳолининг 60 фоизини ташкил қилган. Олти ой олдин эсабу кўрсаткич 70 фоизгача кўтарилган.

"Ҳозир эса ишсизлар сони Ирқода 50 фоиздан ошмайди, деб айта оламиз", - дейди Жафар.

Унинг таъкидлашича, Ироқда мехнатга лаёқатли 7 миллион аҳоли мавжуд. Собиқ режимга қарашли армиянинг тарқатиб юборилиши 400 мингга яқин кишини ишсиз қолдирди. Ҳозирда 1 миллиондан ортиқ одам давлат идораси ҳизматчиси сифатида ойлик олади, улардан тахминан 100 минг нафари полиция ҳизматчилари, 50 минги узоқ муддатли қурилиш лойиҳаларига жалб этилган қурувчилар, яна 100 минги кунбай услубда ишлайдиган ишчилардир. Мехнатга жалб этилган одамларнинг қолган қисми ҳозирда хусусий секторда фаолият юритмоқда.

"Биз хусусий сектор ва эркин иқтисодиётнинг ривожланиши ишсизлик билан боғлиқ вазиятга ижобий таъсир қилади, деб умид қиляпмиз. Балки, вақти келиб хатто четдан ишчи кучи олиб келишга ҳам тўғри келар", - дейди Нури Жафар.

Ироқ Саноат Вазири маслаҳатчиси Шокир ал-Заиди ҳам яқин йиллар ичида Ироқда ишсизлик муаммоси барҳам топади деб ўйлайди. Бироқ, ал-Заидига кўра, ишсизлик билан боғлиқ маълумотларга эхтиёткорлик билан ёндашиш керак. Чунки Саддам даврида расмий статистиканинг ўзи бўлмаган.

"Ҳар бир вазирлик, банк ва иқтисодий муассаса фаолиятни нолдан бошламоқда. Улар рақамларни осмондан олиб ёзишмоқда. Кйинчалик эса янги маълумотлар асосида бу рақамларни ўнглашга тўғри келяпти", - дейди Шакир ал-Заиди.

Унинг айтишича, ҳозир ҳам Ироқда ишсизларнинг аниқ сони ҳақида гапириш жуда қийин. Чунки кўплаб ироқликлар яширин иқтисодиёт соҳасида ишлаяпти. Аммо, расман улар ишсизлар сифатида рўйхатга олинганлар.

Ироқ шаҳарларидаги манзарадан эса ҳар бир киши нимадир билан банд деган хулосага келиш мумкин. Бағдод кўчалари савдо расталарига, атомобил таъмирхоналарига лиқ тўла. Кимдир бензинни олиб сотади, кимдир эса қалбаки ғарб сигаретларини сотиш билан тирикчилигини кўрмоқда. Ироқнинг эски-туски бозорларида эса Ироқ режими ағдарилган пайтда ўғирланган буюмлар сотилади.

Ал-Заидига кўра, ишсизлик манзарасига нафақат яширин иқтисодиётда ишловчилар, балки собиқ режимдан мерос қолган номига давлат ишчиси, деб ҳисобланувчи одамлар ҳам таъсир қилмоқда. Саддам Ҳусайн даврида номига давлат ишчиси сифатида рўйхатдан ўтган ва маош олган, аммо ҳеч қаерда ишламайдиган кишиларни учратиш мумкин эди. Чунки, Ироқда завод-фабрикаларнинг ҳаммаси ҳам тўла қувват билан ишламаганини тушунтиради Ал-Заид.

"Бу корхоналарда зарур бўлганидан икки баробар, баъзи холларда ундан-да кўп ишчи бўлган. Аммо, бу услуб ўқишни битирувчилар норозилигини олдини олар эди. Чунки улар иш билан таъминланган. Уларнинг ҳеч нарса билан шуғулланмаганликлари эса бу бошқа масала", - дейди Ироқ расмийси.

Ироқ Мехнат вазири ўринбосари Нури Жафар эса ҳозирги кунда собиқ Аримиянинг кўплаб зобит ва аскарлари жамоатчилик ишларига жалб этилганини айтади.

"Армия ҳақида гапирадиган бўлсак, биз собиқ ҳарбийлар орасидан техник мухандислар, врачлар каби мутахассисларни танлаб олиб давлат ишларига жалб этдик. Кекса ёшдагиларни эса пенсияга чиқардик."

Аммо, Жафарнинг таъкидлашича, собиқ ҳарбийлар ва бошқа ишсизларнинг аксар кўпчилиги профессионал савия жиҳатдан бугунги кун талабларига жавоб бермайди. Уларни қайта тайёргарликдан ўтказиш эса қўшимча вақт талаб этади.

Саноат вазирлиги маслаҳатчиси Ал-Заиди эса кўп нарса ишсиз одамлар муносабатига боғлиқ эканини урғулайди. Олма пиш, оғзимга туш қабилида иш кўриладиган бўлса муаммо ҳеч қачон ечимини топмайди, дейди Ал-Заиди.
XS
SM
MD
LG