Линклар

ЕХҲТ: “ДУМА САЙЛОВЛАРИДА ДЕМОКРАТИК ПРИНЦИПЛАР ҚЎПОЛ БУЗИЛДИ”


Сарвар УСМОН. "Дейли Телеграф" газетаси Россия сайлов комиссиясининг сайловнинг Чеченистон бўйича натижалари тўғрисидаги маълумотларини келтиради. Ўша маълумотларга кўра, чеченистонлик сайловчиларнинг 80 фоизи "Единая Россия" партиясига - Чеченистондаги урушни тўхтатишни хаёлига ҳам келтирмаётган Президент Путинга тарафдор партияга, ҳокимият партиясига овоз берган эмиш. Буни қандай тушуниш мумкин? Ахир, расман тўхтаган деб баёнотлар берилаётган бўлсада, аслида ҳалигача давом этаётган иккинчи чечен урушида, тинч аҳоли орасидан 100 минг нафардан зиёд киши ўлдирилган бўлсаю яна одамлар сайловга борса ва деярли ҳаммаси Кремл учун овоз берса?

Яна бир рақам. Россия бўйлаб сайловчиларнинг ярмигина овоз беришга қатнашган. Демак, умуман олганда, халқнинг Кремлга бўлган ишончи ҳаминқадар. Чеченистон бўйича эълон қилинган рақамни мана шу ҳолатга ҳам қиёслаб кўрса бўлади.

Давлат Думасига сайловлар натижаларини таҳлил қилаётган кузатувчиларнинг аксарияти Президент Елцин даврида бироз либераллашиб қолган Россиянинг Путин ҳокимиятга келгач, тобора авторитар давлатга айланиб бораётганини, бу даврда оммавий ахборот воситалари, айниқса телевидение батамом Кремлнинг назоратига ўтганини таъкидлаяптилар. Баъзи газеталар, масалан, "Независимая газета" муқобил фикрларни ҳам беришга ҳаракат қилиб келди. Бироқ, газетанинг кучини телевидениеникига солиштириш қийинда.

Бундан ташқари, ҳокимият ўзининг табиий ресурсларидан фойдаланди. Бошқарув аппарати овоз бериш жараёнини ҳам, берилган овозларни ҳисоблаш жараёнини ҳам назорат қилди. Ва шундай қилиб, деярли бутун мамлакат бўйлаб Кремл кутган натижага эришилди. Чеченларнинг 80 фоизи "Единая Россия" тарафдори бўлиб қолганининг сири мана шунда.

Энди Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти берган баҳога тўхталсак. Давлат Думасига сайловларни мазкур ташкилот ҳамда Европа Кенгашининг 500 дан зиёд вакили кузатди, деб хабар берди Moscow Times газетаси. ЕХҲТ ўз вакилларидан олинган маълумотларга таяниб, сайловларда ўта қўпол равишда қонунбузарликларга йўл қўйилди, деб баёнот тарқатди.

ЕХҲТ Парламент Ассамблеяси раиси Bruce George сайловлар тўғрисида фикр билдирар экан, жумладан шундай деди:

- Бу сайловлар ЕХҲТ ҳамда Европа Кенгашининг кўплаб стандартларига зид бўлиб, сайловларнинг жаҳонда тан олинган чинакам демократик меъёрларига жавоб бермайди.

Bruce Georgeнинг фикрича, ҳокимият партияси учун имтиёзли шароитлар яратиб берилиши сайловолди кампаниясининг адолатли ўтишига имкон бермади:

- "Единая Россия" партиясини қўллаб-қувватлаш учун давлат аппарати ва ОАВдан жуда кенг фойдаланиш бошқа партиялар ва номзодлар учун адолатсиз бўлган шароит яратиб берди ва бу барча номзодлар ва партияларнинг тенглигини назарда тутувчи фундаментал принципни бузди.

ЕХҲТнинг позициясини АҚШ маъмурияти ҳам қувватлашини билдирди. Оқ Уй матбуот котиби Scott McClellan:

- ЕХҲТ сайловлар мониторингини ўтказди ва сайлов кампаниясининг адолатсиз ўтганидан ташвишланиш билдирди. Биз ҳам ўша ташвишларни бўлишамиз.
XS
SM
MD
LG