Линклар

logo-print

Андижонда ўқитувчилар мардикорлик қилмоқда


Турғунбек Андижон мактабларининг 4-5 ойлаб маош олмаётган айрим ўқитувчилари қўшни мамлакатларда мардикорлик қилиб ёки бошқа юмушлар орқасидан кун кўришга мажбур бўлмоқда.

“Итим уйни қўриқлагани учун ҳар куни қорнини тўйдираман,- дейди Марҳамат туманидаги 33-мактаб ўқитувчиси Эркинжон Қодиров.- Биз эса инсонмиз. Меҳнат қилсак ҳам қорнимизни тўйдира олмаётирмиз. Беш ойдан буён иш ҳақимизни олганимиз йўқ”.

Э.Қодировнинг айтишича, бир гуруҳ ўқитувчилар ўз ҳақини талаб қилиб туман халқ таълими бўлимига борган. Мутасаддилар ойлик берилмаса, муаллимлар иш ташлаши тўғрисида огоҳлантирилган. Шундан сўнг ўқитувчиларга август ойи учун иш ҳақи тарқатилган.

Э.Қодиров Қирғизистонга ўтиб, оиласи билан пахта терганини маълум қилди. Шундай тирикчилик қилишдан бошқа иложимиз қолмаган, дейди у.

Ҳанифа Сиддиқова 33-мактабда 13 йилдан буён ишлайди. Унинг сўзларига қараганда, қирғизистонлик мулкдорлар ўзбекларга ишлаш учун алоҳида ер майдони ажратиб беради. Ўзбеклар шу ерда ишлаб, маҳсулотни қирғиз мулкдорларига сотиш орқасидан кун кўради.

Информатика фани ўқитувчиси Каримбой Туркбоевнинг таъкидлашича, унинг хотини далада бир йил ишлаб 100 килограмм буғдой олган. Пахта териб, беш-тўрт сўм даромад қилган. Уйда устачилик қилиб рўзғор тебратишга тўғри келяпти, дейди у.

Ўқитувчиларнинг билдиришича, мактабда ўқувчилар учун синф хоналари етишмайди. Тадбирлар ўтказиладиган махсус зал йўқ. Ошхона йўқ.

Информатика фани ўқитувчиси К.Туркбоевнинг айтишича, ўқувчилар компьютер ҳақида тушунчага эга эмас. Чунки мактабда бундай техниканинг ўзи йўқ.

Президент Ислом Каримов яқинда Андижонни Амир Темур ордени билан мукофотлаш учун келганида вилоятда 43 та мактаб биноси таъмирланганини алоҳида таъкидлаган эди. Аммо вилоятдаги жами 742 мактабнинг қолганлари қай аҳволда экани, ўқитувчиларнинг 70 фоизи 4-5 ойлаб маош олмаётгани ҳақида гапирмаганди.

“Озодлик” мухбири Марҳамат тумани халқ таълими бўлими бошлиғи Муҳаммаджон Шоуматовга мавзу юзасидан мурожаат қилганида, у Миллий хавфсизлик хизматидан (!) рухсат бўлгандагина суҳбатга рози бўлишини маълум қилди. Унинг бу жавоби келажак авлодни тарбия қилаётган ўқитувчилар тақдирига расмийларнинг масъулияти қай даражадалигини кўрсатиб турибди.
XS
SM
MD
LG