Линклар

logo-print

Хорижда иш топиш осон эмас


Ўзбекистонда тобора кучайиб бораётган иқтисодий қийинчиликлар кишиларни хорижий мамлакатларга қонуний ва ноқонуний равишда иш излаб кетишга мажбур этмоқда.

“Озодлик” мухбири хорижда ишлаб қайтган ва ишга кетмоқчи бўлган намаганликларнинг айримлари билан суҳбатда бўлди.

Хорижга ишлаш учун расмий равишда бормоқчи бўлганлар, аввало, жойлардаги меҳнат биржаларига мурожаат қилиши лозим. Тўрақўрғон туманида истиқомат қилувчи 85 киши ҳам Россияда ишлаш ниятида маҳаллий меҳнат биржаларидан бирига мурожаат қилиб, ҳужжат топширган. Улардан бири Комилжон Имомалиевдир.

Унинг айтишича, биржадагилар ҳужжатларни Тошкентга жўнатамиз, жавоби келса, ўзимиз хабар берамиз, деган.

“Узоқ вақт жавоб бўлмагандан кейин ҳужжатларни қайтариб олгани бордик. Маълум бўлишича, бизнинг ҳужжатларимиз асосида бошқа кишилар Россияда ишлаб келибди. Бундан ҳолатлар кейинги пайтларда кўпайиб бормоқда”, дейди К.Имомалиев.

Мингбулоқ туманилик қирққа яқин киши эса ноқонуний йўл билан Россияга ишга бормоқчи бўлган. Юсуфжон исмли киши улардан йўлкира учун 200 минг сўмдан пул йиғиб олади. Бироқ у мингбулоқликларни Россияга эмас, Қозоғистоннинг Остона шаҳрига олиб борган.

Бахтиёр исмли йигитнинг айтишича, улар Остонадаги қурилиш фирмасида ишлаган. Юсуфжон бизни шу ердаги қозоқ йигитга сотиб кетган экан. У эса йигитларни қурилиш фирмаси раҳбарига сотган. Пул тўлаш муддати келганда эса фирма раҳбари йигитларни сотиб олганини, улар мана шу қарздан қутулиш учун ишлаганларини айтган.

“Шундан сўнг бошқа бир амалдорникида ишлаб, йўлкирага пул топдик”, дейди Бахтиёр.

Бахтиёрнинг таъкидлашича, Остонада ишлаётган ўзбеклар сони жуда кўп. Улар орасида Ўзбекистоннинг деярли барча вилоятларидан келганлар бор.

- Фарғона политехника институтини тугатганман, - дейди суҳбатдошлардан бири. – Ишлай десам, иш йўқ. Ишончлироқ бўлиши учун Россияда кўп йиллар ишлаб қайтганлар орқали кетишни режалаштирганман.

Кузатувчиларнинг таъкидлашича, фуқароларнинг хорижга иш излаб чиқиб кетиши олдини олиш учун, аввало, мамлакат фуқароларининг эркин иқтисодий фаолият юргизишини тўлиқ таъминлаш лозим.
XS
SM
MD
LG