Линклар

Ўзбекистоннинг яширин иқтисодиёти


Ориф Ҳошимов Маълумотларга қараганда, Ўзбекистонда яширин иқтисодиёт ҳажми ялпи ички маҳсулотнинг қарийб 30 фоизини ташкил этади. Унинг кўлами йилдан-йилга кенгайиб бормоқда.

Иқтисодчилар Ўзбекистондаги яширин иқтисодиётга, асосан, ноқонуний савдо, норасмий ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишни киритади. Умуман, яширин иқтисодиётга булардан ташқари наркобизнес, одам ва қурол-яроғ савдоси ҳам киради.

Наркобизнес ва фоҳишабозликни ҳисобга олмаганда, яширин иқтисодиёт кўлами кенгайиб бораётгани, асосан, солиқ юкининг катталиги эвазига юзага келмоқда. Иқтисодчиларнинг фикрича, солиқ юки катталиги жиҳатдан Ўзбекистонга МДҲдаги мамлакатларнинг бирортаси тенг кела олмайди. Турли ижтимоий тўловлардан ташқари бугунги кунда солиқ юки мамлакат ЯИМнинг 31 фоизини ташкил этади.

Мутахассисларнинг айтишича, солиқлар 2004 йил бюджети лойиҳасида кўрсатилганидек камайтирилган тақдирда ҳам Ўзбекистон катта солиқ йиғувчи давлатлардан бири бўлиб қолаверади.

- Бундай вазият эса ўз-ўзидан солиқ тўловчиларни муқобил йўлларни излашга мажбур этади, - дейди иқтисодчи Иброҳим Ҳакимов. – Ҳеч бир тадбиркор бугун ўзи тўлаётган солиқлар миқдоридан рози эмас. Божхона тартиб қоидалари иқтисодиёт ривожига тескари бўлса, давлат юргизаётган сиёсат иқтисодиёт тараққиётига мос бўлмаса, тадбиркорлик субъектлари солиқдан қочишга интилади.

Тадқиқодларга кўра, Ўзбекистондаги аксарият яширин иқтисодиёт вакиллари, яъни яширин цехлар эгалари ҳамда кийим-кечак ва озиқ-овқат контрабандаси билан шуғулланаётганлар ўз бизнесини ошкора юритишни истайди. Солиқ ҳажмининг ҳаддан ташқари кўплигини улар бу йўлдаги тўсиқ ҳисоблайди.

Халқаро молия корпорацияси васийлигида Ўзбекистон тадбиркорлари ўртасида ўтказилган сўровда қатнашганларнинг учдан бир қисми иқтисодий фаолиятни расмийлаштиш ўта қийинлиги, бунинг учун улар норасмий тўловларни амалга оширганлигини билдирган.

“Озодлик” мухбири билан суҳбатда бўлган тадбиркорнинг айтишича, ўтган йили улгуржи савдо билан шуғулланувчи фирмаларга қўшимча молиявий талаблар қўйилгани натижасида бу бизнес вакилларининг ярмидан кўпи ўз фаолиятини ноқонуний давом эттиришга мажбур бўлган. Бу ҳолатни чакана савдода ҳам кузатиш мумкин.

Ҳисоб-китобларга қараганда, ҳозирги кунда Ўзбекистон аҳолисининг кийим-кечакка бўлган эҳтиёжининг 70 фоизи, озиқ-овқатга талабининг 45 фоизи норасмий фаолият юризаётган тадбиркорлар томонидан қондирилмоқда.

Иқтисодчи И.Ҳакимовнинг фикрича, яширин иктисодиёт аҳолининг маълум қисми иш билан таъминланиши, молиявий манбаларга эга бўлиши, бозорларнинг тўлиб туришида ижобий роль ўйнайди. Лекин ундан давлат бюджетига фойда йўқ.

Яширин иқтисодиётга қарши турли йўллар билан кураш олиб борилади. Баъзиларнинг фикрича, унга қарши шафқатсиз муносабатда бўлмоқ лозим ва мазкур фаолият эгаларига қарши катта жарималар ва озодликдан маҳрум қилиш, шунингдек, уларнинг бизнесини йўқ қилиш усулларини қўлаш лозим. Айни пайтда Ўзбекистонда курашнинг шу усулидан фойдаланилмоқда.

Либерал иқтисодчилар яширин иқтисодиётга қарши курашда аксинча йўлдан борилса, яхши самара беришини айтади. Уларнинг таъкидлашича, энг аввало, солиқ ва божхона қонунчилигини енгиллаштириш талаб этилади. Кейин эса яширин иқтисодиёт вакилларига ўз бизнесини қонунийлаштиришга кўмаклашиш лозим бўлади.
XS
SM
MD
LG