Линклар

“Ижтимоий фикр” сўрови қанчалик холис?


Саида “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази 8 декабрь – Конституция куни муносабати билан ўтказган экспресс-сўров натижаларидан маълум бўлишича, Ўзбекистонда ҳар икки кишидан бири Бош қонун мамлакат фуқаролари манфаатини ҳимоя қилишини таъкидлаган.

Сўров қатнашчиларининг 60 фоизи эса ўз ҳуқуқ ва эркинликлари поймол қилинишдан ҳимояланганини ҳис этишини айтган. Сўровга кўра, ўз ҳуқуқ ва эркинликларини яхши билмайдиган фуқаролар сони 2002 йилда 35,9 фоизни ташкил этган. 2003 йилда бундайлар 33 фоиз атрофида бўлган.

“Озодлик” мухбири шу мавзуда ўтказган суҳбатлар натижалари “Ижтимоий фикр” сўровидан келиб чиқадиган хулосаларнинг тескариси бўлиб чиқди. Суҳбатдошларнинг кўпчилиги Ўзбекистонда кўп ҳолларда аҳолининг ҳақ-ҳуқуқлари поймол этилаётгани, оддий фуқаролар Конституция доирасида ҳимояланмаганини билдирди.

“Маҳалла оқсоқоли Конституциянинг бир неча бандларида кўрсатилган ҳуқуқларимизни бузди, - дейди суҳбатдошларимиздан бири. – Бир неча инстанцияларга мурожаат қилсакда, фойдаси бўлмади. Шу мисол билан айтмоқчиманки, оддий халқ Конституция ва қонунлардан манфаатдор бўла олмаётир”.

Суҳбатдошларимиздан бири – аспирант йигитнинг айтишича, кишиларнинг ўз ҳақини талаб қилишига имкон беришмайди. Халқнинг ўз ҳуқуқларини яхши билмаслигидан кўп ҳолларда ҳуқуқ-тартибот органлари вакиллари моддий манфаат кўрмоқда.

Ўзини Муножат Қуллибекова деб таништирган аёл меҳнат қилиш, дам олиш, саломатлигини тиклаш каби ҳуқуқлар Конституцияда белгиланган бўлса-да, улардан фойдаланиш имкониятлари йўқлигини билдирди. Унинг айтишича, таълим муассасалари, соғлиқни сақлаш тизими, дам олиш масканлари пуллик бўлиб кетган. Бу борадаги ҳуқуқлардан пулингиз бўлгандагина фойдаланишингиз мумкин.

Айрим суҳбатдошларимиз Конституцияда тиббий хизматдан бепул фойдаланиш ҳуқуқи кўрсатилган бўлса-да, ҳаётда бунинг акси эканидан зорланди.

Баъзи юртдошларимиз конституциявий ҳуқуқлар ҳар жабҳада бузилаётганини эътироф этди. Уларнинг айтишича, мактабларда ўқитиш тизимининг яхши йўлга қўйилмаётгани ҳам болалар ҳуқуқи бузилишининг бир кўринишидир.
XS
SM
MD
LG