Линклар

“Озод деҳқонлар” – янги сиёсий партия


Тўлқин 6 декабр куни Тошкентда “Озод деҳқонлар” партиясининг таъсис қурултойи ўтказилди. Унда барча вилоятлардан келган 150 дан ортиқ делегат, шунингдек, маҳаллий ва хорижий кузатувчилар иштирок этди.

Қурултойнинг “Реал синема” кино саройида ўтказилиши режалаштирилган эди. Аммо, партия ташкилий қўмитаси раҳбари Нигора Ҳидоятованинг айтишича, сарой маъмурияти сиёсий йиғин ўтказилаётганидан чўчиб, ижара тўғрисидаги келишувга қарамай, тадбирни тўхтатди.

Шундан сўнг қурултой “Булоқбоши” ресторанида ўтказилди.

Тадбирда сўзга чиққанларнинг билдиришича, аслида шу номдаги партия илк бор 1990 йилда қишлоқ хўжалик соҳаси олими Олим Каримов ташаббуси билан ташкил этилган. Ўшанда партия раиси вазифасини академик Муҳаммаджонов бажарган. Аммо 1991-1993 йиллар мобайнида партия аъзоларига тазйиқ ўтказилиши оқибатида унинг фаолияти тўхтаб қолган.

Янги партия ташкилий қўмитаси раиси Нигора Ҳидоятова таъсис қурултойигача партияни ёқловчилардан 10 мингга яқин имзо тўпланганини маълум қилди. Унинг айтишича, вилоят ва туманларда партия анжуманлари ўтказилган.

Н.Ҳидоятова партиянинг асосий мақсади, биринчи галда, қишлоқ аҳолисини ҳукуматнинг ўзбошимчалик ва зўравонликларидан ҳимоя этиш, қишлоқларда етарли иш ўринлари яратиш, хорижий сармоя жалб қилиш эканини таъкидлади.

Қурултойда партия низоми, дастури муҳокама этилди.

Делегатлар айни пайтда муҳожиротда (АҚШда) бўлган сиёсатчи Бобур Маликовни партия раиси, Нигора Ҳидоятовани Бош котиб ва Сиёсий кенгаш ижрочи котиби этиб сайланди.

Қурултойда иштирок этган сиёсатшунос Комрон Алиев “Озодлик” мухбири билан суҳбатда партия раҳбарлигига нега айнан Б.Маликов сайлангани хусусида гапирди. Унинг таъкидлашича, Н.Ҳидоятова “Озод деҳқонлар” партиясини қайтадан тузиш ғояси Б.Маликовдан чиққанини маълум қилган. Шунингдек, Б.Маликов партиянинг низоми ва дастурини ишлаб чиққан экан.

К.Алиевнинг айтишича, Б.Маликов мустақиллик йилларида Ўзбекистон адлия вазири, Конституциявий суд раиси, АҚШдаги элчи вазифаларида ишлаган. Кейинчалик амалдаги ҳукумат билан келишмовчилик натижасида АҚШдан сиёсий бошпана сўраган.

Қурултой, шунингдек, партияни Ўзбекистон Адлия вазирлигида расмий рўйхатдан ўтказиш учун партия раҳбар органлари аъзоларидан уч кишига ваколат бериш масаласини ҳам кўриб чиқди.
XS
SM
MD
LG