Линклар

10 декабр Халқаро инсон ҳуқуқлари куни


A. ARAL БМТ Бош Ассамблеяси бундан 55 йил муқаддам - 1948 йил 10 декабрда барча халқ ва давлатлар бажаришга интилиши лозим бўлган вазифа сифатида инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясини қабул қилди. Мазкур санадан буëн ярим асрдан кўпроқ вақт ўтганига қарамай инсон ҳуқуқлари соҳасидаги муаммоларга ечим топилганича йўқ.

Инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ Олий Комиссарлигининг Женевадаги вакили Хосе Диазга кўра, БМТ дунë мамлакатларидаги инсон ҳуқуқлари вазиятидан қониқиш ҳосил қилмаяпти.

Бир қатор мамлакатларда фуқаролар сўз ва фикр эркинлиги, диний эркинлик каби сиëсий ҳуқуқлардан ташқари озиқ-овқат, турар жой, таълим-тарбия олиш каби энг оддий инсоний ҳуқуқлардан ҳам маҳрум этилганлар. "Инсонларнинг бундай ҳуқуқлардан маҳрум этилишига, асосан мавжуд сиëсий тузумлар сабаб бўлмоқда",- дейди Хосе Диаз:

"Менимча сабаблардан бири, асосан инсонларнинг муайян ҳуқуқларга эгалиги ва унинг бу ҳуқуқлардан фойдаланиши лозимлигига нисбатан беписандликдир. Жаҳон ҳукуматларидаги мавжуд сиëсий маҳдудликлар инсон ҳуқуқлари оëқ ости бўлишига олиб келмоқда".

Хосе Диазнинг таъкидлашича, айниқса 2001 йил 11 сентябр воқеаларидан кейин инсон ҳуқуқлари кескин бузилаëтган мамлакатлар қаторидан Конго Демократик Республикаси, Ироқ, ишғол қилинган Фаластин ҳудудлари каби минтақалар ўрин олган.

БМТ вакилига кўра, ҳозирги кунда дунëнинг ҳеч бир мамлакатида инсон ҳуқуқларига тўлиқ амал қилинмайди. Бу ҳуқуқлар барча мамлакатларда у ëки бу шаклда бузилмоқда:

"Дунëнинг ҳеч қайси мамлакати инсон ҳуқуқларига нисбатан тажовуздан тўлиғича холи эмас. Шу боис, ҳам инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ҳамма самарали ҳисса қўшиши зарур".

Марказий Осиëдаги инсон ҳуқуқлари вазияти хусусида тўхталган Хосе Диаз, Инсон Ҳуқуқлари бўйича БМТ Олий Комиссарлиги йил бошида минтақадаги вазиятни атрофлича ўрганиб, қатор тавсиялар қилганини айтади.

Унга кўра, Марказий Осиëда инсон ҳуқуқлари соҳасида айрим ижобий жараëнлар бошлаганига қарамай, умум вазият ташвишланарлигича қолмоқда. Айни пайтда вазиятни яхшилаш борасида минтақадаги айрим ҳукуматлар БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилишга розилик билдирганлар.

"Вазиятнинг яхшиланиши учун умид қилишга айрим асослар бор", - дейди Хосе Диаз.

БМТ вакили фикрича, инсон ҳуқуқлари демократик мамлакатларда ҳам бузилиши мумкин. Бироқ бундай давлатларда вазиятни яхшилашга имкон берувчи очиқ мулоқот бор. "Масалан, биз Гуантанамодаги маҳбуслар ҳақ-ҳуқуқлари ва уларнинг вазияти хусусида АҚШ ҳукумати билан музокара олиб бормоқдамиз. Нодемократик мамлакатларда буни амалга ошириш амри маҳол", - дейди БМТнинг Женебадаги вакили Хосе Диаз.
XS
SM
MD
LG