Линклар

logo-print

МАМЛАКАТ БИТТА. МУНОСАБАТ УЧ ХИЛ.

  • Сарвар Усмон

Россия МДҲ мамлакатлари орасида фақат Грузия билан виза тартиби ўрнатган эди. Сешанба, 9 декабрдан бошлаб, Москва Грузия таркибидаги Ажария мухтор республикаси аҳолиси учун Россияга кириш тартибини осонлаштирди. Хўш, Кремлнинг бундай қарор қабул қилишига нима сабаб бўлди? Расмий Москванинг бундай қадамидан асл мақсад ажарияликларга қулайлик яратишми ё унинг бошқа сиёсий мақсадлари борми?

Масаланинг моҳиятини тушуниш учун энг аввало Грузия таркибига икки мухтор республика - Абхазия ва Ажария ҳамда Жанубий Осетия мухтор вилояти киришини, де-юре бу автономиялар ҳозир ҳам Грузия таркибида эканлигини, бироқ, 90 йиллардаги фуқаролар урушидан сўнг Абхазия билан Жанубий Осетия ўзларини Грузиядан мустақил, деб эълон қилганликларини эслаш жоиз.

Учинчи автономия - Ажариянинг эса, Президент Шеварднадзе истеъфога чиққунича, яъни 23 ноябр куни амалга ошган Бахмал инқилобигача расмий Тбилиси билан алоқаси рисоладагидай, мухторият лидерлари Ажарияни Грузиянинг ажралмас қисми, деб билардилар. Ҳатто Бахмал инқилоби арафасида Шеварднадзени қўллаб-қувватлаш учун 200та автобус ва 2та поездда ажарияликларни Тбилисига олиб келган куч ҳам ўша, Ажария лидерлари эди.

Шеварднадзе истеъфога чиқиб, ҳокимият мухолифатчилар қўлига ўтиши биланоқ, Ажария президенти Аслан Абашидзе тўнини тескари кийиб олди. Инқилобнинг эртасига Ажариянинг Грузия билан маъмурий чегарасини ёпди, ўлкада фавқулодда вазият жорий этди.

Москва эса Грузия мухториятлари лидерларини таклиф қилди, улар билан бир неча кун музокаралар ўтказди.

Ўша музокараларнинг меваси жорий ҳафтада кўриниб қолди. Ажарияликларнинг Россияга бориш тартибини осонлаштириш тўғрисида Москва қабул қилган қарор - ўша меваларнинг биридир.

Гап шундаки, Россия МДҲ мамлакатлари орасида фақат Грузия билан виза тартиби жорий қилган эди. Бироқ, шуниси қизиқки, Грузия билан виза тартиби жорий қилган Москва, айни пайтда, абхазиялик ва жанубий осетияликларга Россия паспортини беришдан ҳам чарчамади. Мана энди учинчи мухторият - Ажарияга Москва "яхши акалик" қилмоқчи, Тбилисининг "ғарбпараст" деб тан олинаётган янги лидерларини Кремл ўзи билан ҳисоблашишга шундай йўллар билан мажбур қилмоқчи. Москва қабул қилган қарорнинг сиёсий қарор эканлиги уни амалда қўллашнинг механизми аниқ эмаслигидан ҳам кўриниб турибди. Ажария мухториятининг Тбилисидаги вакили Гамлет Чинашвили "виза тартибини осонлаштириш дегани нимаси", деган саволга айнан мана бундай жавоб берди:

- Виза режимини осонлаштириш дегани нимаси? Билмадим, менга айтишларича, масалан, Москвага боришга қарор қилганим тўғрисида учишдан 24 соат олдин билдираман. Билет оламан. Москвага учиб бораман ва менга визани ўша ерда беришади.

24 соат олдин кимга билдиради, қандай билдиради, Гамлет Чинашвили буни аниқламади.

Қолаверса, Грузия фуқароларининг чет эл паспортларида қаерда яшаши - Батумидами ё Тбилисидами, ёзилмаган. Хўш, бу масалани қандай ҳал қиладилар?

Москванинг қарори Тбилисининг янги раҳбарияти иззат-нафсига тегди. Грузия президентлигига номзод Михаил Саакашвили "Москва Грузияни очиқдан-очиқ ҳақорат қилди", деди. Мана унинг айтганлари:

- Россия бизни нафақат очиқ хўрлаяпти, балки, cиз давлат эмассиз, cиз қандайдир бир ҳудудсиз, холос, деяпти. Москва грузияликларни Россиянинг аралашувисиз ҳокимиятни алмаштириб олгани учун жазолашга қарор қилганини кўрсатиб қўймоқчи. Биз Россия билан дўст бўлишни истаймиз, бироқ, афсуски, у буни истамаяпти. 4 январдан кейин Грузиянинг оёққа туриб олажагини, кучли давлатга айланажагини москвадагиларнинг ҳаммаси кўради ва ўшандан сўнг Шеварднадзега қилган муомалаларини қила олмай қолишади.

Шундай қилиб, Россиянинг борди-келди масаласида БИТТА Грузия билан муомаласи шу кунда УЧ хил: Абхазия ва Жанубий Осетия аҳолисининг Россияга бориши учун виза талаб қилинмайди. Ажарияликлар осонлаштирилган тартиб билан борадилар Россияга. Мамлакатнинг бошқа ҳудудлари аҳолиси эса, виза олишга мажбур.
XS
SM
MD
LG