Линклар

logo-print

Фуқаро ҳуқуқини бузишда жонбозлик кўрсатаётганлар

  • Барно Анвар

Ўзбекистонда фаолият юритаётган аксарият инсон ҳуқуқлари ташкилотлари вакиллари мамлакатда фуқаролар ҳуқуқлари ҳимояси оғир масала бўлиб қолаётганини таъкидламоқда.

“Озодлик” мухбири айни масала юзасидан фуқароларнинг фикрларини ўрганишга ҳаракат қилди. Уларнинг кўпчилиги ўзининг фуқаролик ҳуқуқлари таъминланмаганини таъкидлади.

Суҳбатдошларнинг айримлари бугунги кунда мамлакатда аҳолининг моддий имконият жиҳатдан табақалашуви юз бераётганини ва аксар ҳолларда моддий аҳволи ночор фуқаролар ҳуқуқлари қўпол равишда бузилаётганини айтиб ўтди.

Бозорда савдо қилаётган аёллардан эса: “Ҳозирги иқтисодий ночор шароитда, ота-оналар, айниқса, аёллар тирикчилик илинжида эрта-ю кеч кўчада юрган бир вақтда, инсон ҳуқуқларини таъминлаш ҳақида гап бўлиши мумкинми?”, деган жавобни эшитдик.

Суҳбатдошларнинг асосий қисми бугунги кунда фуқароларнинг ҳуқуқлари, асосан, маҳаллий ҳукумат ва ҳуқуқ-тартибот органлари вакиллари томонидан бузилаётганини эътироф этди.

Яқинда инсон ҳуқуқлари халқаро жамиятининг Ўзбекистондаги бўлими ҳузуридаги Ёшлар маркази ўтказган сўровда ҳам аксарият ёшлар ўз ҳуқуқлари, биринчи навбатда, ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан бузилаётганини айтганди.

Мустақил кузатувчилар аҳолининг мазкур масалада шундай хулосага келиши табиийлиги, зеро, ҳақиқатан ҳам ҳукумат бошқарувининг турли поғоналарида ўтирган мутасаддилардан тортиб оддий милиционергача фуқаролар ҳуқуқини бузишда “жонбозлик” кўрсатаётганини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG