Линклар

Ўзбекистонда 2600 нафар қочқин бор

  • Садриддин Ашур

10 декабрь куни БМТнинг Қочқинлар масалалари бўйича Олий комиссари бошқармасининг Тошкентдаги ваколатхонасида ушбу орган ташкил этилганининг 53 йиллигига бағишлаб матбуот анжумани ўтказилди.

Маълумотларга кўра, БМТнинг ушбу бошқармаси 140 давлатда 22 миллион кишига ёрдам кўрсатмоқда. Бошқарманинг бош қароргоҳи Женевада жойлашган бўлиб, айни пайтда 120 мамлакатда ваколатхоналарга эга. Жумладан, Ўзбекистоннинг Тошкент ва Термиз шаҳарларида ҳам унинг ваколатхоналари бор.

Бошқарманинг Ўзбекистондаги миссияси раҳбари Абдул Карим Гулнинг тадбирда маълум қилишича, ҳозир мамлакатда 2600 нафар қочқин борлиги расман қайд этилган. Уларнинг барчаси Афғонистон фуқароларидир. Миссия Ўзбекистонда фаолиятини бошлаган 1993 йилдан буён 3500 қочқинга ёрдам кўрсатган. Унинг айтишича, жорий йилда 200 нафар қочқин ихтиёрий равишда ўз юртига қайтарилган.

Миссия бошлиғи ўз ташкилоти Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари, нодавлат ва нотижорат бирлашмаларини ривожлантириш, фуқаролик, миграция масалаларида ҳам иш олиб бораётганини таъкидлади.

Абдул Карим Гул БМТнинг қочқинлар масаласи бўйича конвенциясини собиқ Иттифоқ давлатларидан фақат Ўзбекистон имзоламаганини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG