Линклар

Женнифер Уиндзор: "Ўзбекистон энг репрессив давлатлардан бири"


Шайбон 10 декабрь - Халқаро инсон ҳуқуқлари куни муносабати билан “Озодлик” мухбири Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларига доир вазият хусусида маҳаллий ва хорижий экспертларнинг фикрини ўрганди.

Уларнинг аксарияти мамлакатда бу борадаги аҳвол ачинарли даража эканини таъкидлади.

“Хьюман райтс уотч” ташкилотининг Тошкентдаги вакиласи Матильда Богнер жорий йилда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият ўзгармаганини маълум қилди. Унинг айтишича, ҳукумат ҳамон мухолифат вакиллари ва эркин фикр эгаларига қарши кескин сиёсатига содиқ қолмоқда. Айни пайтда диндорларга нисбатан репрессия давом этаётир.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилотининг Ўзбекистондаги бўлими раиси Марат Зоҳидов эътиборни мавжуд муаммолардан яна бирига қаратди.

“Бугун қишлоқлардаги вазият алоҳида эътиборни талаб қилади. Ҳуқуқлари топталаётган фермер ва деҳқонларнинг арзини тинглайдиган бирорта ташкилот топилмаётир”, деди у.

“Озод овоз” сўз эркинлигини қўллаб-қуватлаш нодавлат ташкилоти раиси Бобомурод Абдуллаевнинг айтишича, бу йил журналистлар ҳуқуқи бузилиши ҳоллари аввалги йиллардагидан ҳам кўпроқ кузатилди. Журналистлар Руслан Шарипов, Лутфулла Мамасолиев, Шоназар Ёрматов, “Адолат” газетаси бош муҳаррири Тўхтамурод Тошев тақдирларини эслатиб ўтиш кифоя.

М.Богнер Ўзбекистонни инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари учун ўта оғир мамлакат, деб атади. Унинг таъкидлашича, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари бу давлатда чинакам эркин фаолият юрита олмайди. Улар доимий таъқиб ва тазйиқ остида яшашга мажбур.

Ўзбекистондаги вазият яқинда “Freedom house”нинг Вашингтондаги бош қароргоҳи томонидан эълон қилинган пресс-релизда ҳам ўз аксини топган. Мазкур ташкилот директори Женнифер Уиндзор Ўзбекистонни энг репрессив давлатлардан бири сифатида баҳолади. Унинг таъкидлашича, мамлакатда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги вазият шундай хулосага келишга мажбур этган.
XS
SM
MD
LG