Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:49

Гипсокартон дўконнинг нархи тўрт миллион


Зикрилло Ишонч Жорий йилнинг кузида Ўзбекистонда бозорларни тартибга солиш ҳақидаги ҳукумат қарори амалга киритилгандан сўнг озиқ-овқат ва буюм бозорлари бир-биридан ажратила бошланди.

Кейинги бир неча ой ичида буюм бозорлари пештахталари бузиб ташланиб, уларнинг ўрнига павильонлар остида гипсокартондан ишланган кабина-дўконлар қўйилди. Маълумотларга қараганда, ушбу дўконлар савдо аҳлига тахминан тўрт миллион сўмдан сотилмоқда.

Тошкентдаги “Паркент” бозорида 300 га яқин кабина-дўкон фойдаланишга тахт қилиб қўйилган. Бугунги кунда бу ерда сотувчи ҳам, харидор ҳам кам.

Савдо аҳли қуриб берилган кабина-дўконлардаги шароитдан нолимоқда. Уларнинг сўзларига қараганда, дўкон ости пол қилинмагани учун жуда зах. Ҳаво кириб турадиган туйнук ҳам қолдирилмаган.

Дўконларнинг нархи ҳаддан ташқари баландлиги сотувчиларнинг норозилигига сабаб бўлаётир. Уларнинг таъкидлашича, тўрт миллион сўмга яхшигина квартира харид қилиш мумкин. Айланма маблағи беш юз минг – бир миллион атрофида бўлган савдогарларнинг эса дўкон сотиб олишга қурби етмайди. Шу сабабли 300 га яқин дўкондан бир нечасигина сотиб олинган, холос.

“Бунақа шароит бўлса, мен бундан кейин ишлай олмайман,- дейди сотувчилардан бири. – Маблағ сарфлаб, уни қоплай олмагандан кўра уйда ўтирганим минг марта афзал”.

Савдогарларнинг айтишича, тўрт миллион сўмга баҳоланаётган ушбу дўконлар ҳам омонат қурилган. Бир мунча вақт ўтгандан сўнг улар яна бузиб ташланиши мумкин. Ҳеч кимга ишонч қолмади, дейди улар.

Тадбиркор Абдуманнон Холжўраевнинг билдиришича, илгари “Карвон бозор”да павильонлар тагида шундай кабина-дўконлар қурилган эди. Лекин улар кўп ўтмай бузиб ташланди. Бу “камбағални урма, сўкма, чопонини йирт” нақлининг ҳаётдаги кўриниши, дейди тадбиркор.
XS
SM
MD
LG