Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:43

АҚШ ҳукумати қарори иттифоқчиларни норози қилди.


Ироқни қайта қуриш лойиҳаларида қатнашишдан четлатилган Франция, Германия, Канада ва Россия расмийлари АҚШ ҳукуматининг бу қарорига норозилик билдиришмоқда. Франция Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Эрве Ладсус мамлакат раҳбарияти мазкур қарорнинг халқаро қонунларга қанчалар мос келиши масаласини ўрганиб чиқаётганини маълум қилди.

Айни пайтда, Германия Канцлери Герхард Шрёдер Оқ Уй маъмурияти қарорини номақбул, деб таърифлади. Берлинда Россия Ташқи Ишлар Вазири Игор Иванов билан учрашувдан сўнг, Германия Ташқи Ишлар Вазири Йошка Фишер АҚШ ҳукумати қарори уни ҳайратга солганини ва бу ҳақда Америка томони билан сўзлашув бўлишини айтди.

Россия расмийлари АҚШ ҳукуматининг Франция, Германия, Канада ва Россияни Ироқни қайта қуриш лойиҳаларидан четлатиш қарорига жавобан Ироқнинг 120 миллиард долларлик эски қарзларидан воз кечиш масаласида Россия муроса қилмаслиги ҳақида огоҳлантирди. Мамлакат Мудофаа вазири Сергей Иванов эса “Ироқ камбағал давлат эмас”,-дея ҳукумат позициясини билдирди.

Канада расмийлари, агар АҚШ Мудофаа вазири ўринбосари имзола-ган ҳужжат тўғри бўлса, Ироққа кўрсатилаётган ёрдам тўхтатилишини маълум қилдилар. Канада Ироқни қайта қуриш ишларига ҳозиргача 190 млн доллар сарфлаган. Канада Бош вазири ўринбосари Жон Манлей канада-лик солиқ тўловчилар пулларидан фойдаланиб, мамлакатни Ироқдаги лойиҳалардан четлатиш қабул қилиб бўлмас ҳол эканини таъкидлади.

Европа Комиссияси пайшанба куни эълон қилган баёнотда АҚШ ҳукумати қароридан афсусланиш билдирган. Ташкилот матбуот вакили ўқиб эшиттирган баёнотда шундай дейилади: “Биз мазкур қарор юзасидан чуқур афсусланиш билдирамиз. Ўни қабул қилиш қийин, деб ўйлаймиз. Бундан ташқари, бу сиёсий хато. Чунки Ироқни очиқ, демократик ва тараққий этган давлатга айлантириш йўлида халқаро ҳамжамият конструктив иш олиб бораётган бир пайтда бу зиён етказиши мумкин“.

Европа Иттифоқи АҚШ ҳукумати қарори Жаҳон Савдо Ташкилоти қоидаларига қанчалар мос келиш-келмаслиги масаласини ҳам ўрганаётганини билдирди.
Бироқ Буш маъмурияти вакиллари америкалик солиқ тўловчилар пулини қайси компанияга тўлашни ҳал қилиш АҚШ ҳуқуқи эканини баён қилишди. Оқ Уй матбуот котиби Скот Мак Клеллан: “Бизнингча, бу Жаҳон Савдо Ташкилотидаги мажбуриятларимизга мос келади. Биз бу масалани ўрганиб чиқдик. Гап америкалик солиқ тўловчиларнинг Ироқдаги қайта қуриш ишларига катта ҳисса қўшаётганлари ҳақида кетяпти”, - дейди Оқ Уй матбуот котиби.

АҚШ ҳукумати расмийларига кўра, Ироқни қайта тиклаш учун эълон қилинган 18 миллиард 600 миллион долларлик лойиҳаларнинг кўпини АҚШ Армиясига қарашли мутахассислар бажаради. Бу Пентагонга Ироқни қайта қуриш ишларига сарфланаётган маблағларни назорат қилиш имконини беради.

Айни пайтда, USAID, яъни, АҚШ Халқаро Ривожланиш Агентлигига Ироқдаги лойиҳаларни олиб бориши учун икки миллиард доллар маблағ ажратилган. Буларнинг катта қисми мактаб программаларини қайта ишлаб чиқиш ва соғлиқни сақлаш соҳаларига сарфланиши кўзда тутилган.

Айни пайтда, АҚШ ҳукумати хужжатларига кўра, Хэллибэртон компанияси Ироққа четдан ёнилғи импорт қилаётган асосий ширкатдир. Хэллибэртон Кувайтдан Ироққа импорт қилаётган ёнилғининг бир литри учун АҚШ ҳукуматидан 65 сентдан пул олмоқда. Аслида Кувайтдаги пудратчи ширкатлардан Хэллибэртон ёнилғини 7 сентдан сотиб олмоқда.

Март ойида Хэллибэртон ҳеч қандай рақобатсиз Ироқнинг нефт саноатини таъмирлаш ҳақидаги шартномани имзолаб, АҚШ ҳукуматидан қарийб бир ярим миллиард доллар пул олган. АҚШ Вице Президенти Дик Чейни Хэллибэртон компаниясининг собиқ ижриоя директори бўлгани учун бу масала Конгресс аъзолари диққатини ўзига тортган.
XS
SM
MD
LG